Осмонимизни ёпинг ёки... Зеленский Ғарбга ўз талабларини айтди

Олам

image

Украина Қуролли кучлари мамлакатга бостириб кирган Россия ҳарбийларини қандай жазолашни билади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 7 март куни брифинг чоғида айтиб ўтди.

“Бизнинг Қуролли Кучларимиз буни қандай қилишни билади. Душман чарчаган, руҳий тушкунликка тушган. Улар юртимизга бу ерда ҳеч қачон бўлмаган нарсани – қўрқоқликни, қулликка розиликни излаш учун келган. Ҳар қандай оддий одам ёниб кетган уйларга қарашдан қўрқади, буни тушунса бўлади, панелли кўп қаватли бинолар, оддий автомобиллар вайрон бўлди, ракеталар, авиабомбалар, дўллар, одамларга қарши миномётлар ишлатилди”, деди Зеленский.

Зеленский халқаро ҳамжамиятни Украина осмонини ёпишга ёки “ўз кучлари ёки қуролларини етказиб беришни ва шу орқали нафақат Украинага, балки ўзларига ҳам ёрдам беришга” чақирди.

“Украина осмонини ҳимоя қилиш учун яна қанча ўлим ва йўқотиш керак? Харьков ёки Николаевдаги тинч одамлар Гамбург ёки Венадагидан қандай фарқ қилади? Биз қарорни кутмоқдамиз. Осмонни тозалаш. Ёки сизда бор кучни. Ёки сиз бизга керакли қудратни берадиган жанговар самолётлар ва ҳаво мудофааси воситаларини етказиб беринг. Бу инсоният ғалаба қозонишини исботлаш учун дунё нафақат Украинага, балки ўзига кўрсатиши керак бўлган ёрдам. Иложи борича тезроқ”, деган Президент.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг