Нега Фирдавс Абдухолиқов арзимаган жарима билан қутилди? Аксилкоррупция агентлиги тушунтириш берди

Интервью

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов коррупцион ҳолатни содир этгани учун эмас, балки давлат томонидан кино соҳасига ажратилган харидларни амалга оширишда, яъни танловни эълон қилишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жаримага тортилган. Бу ҳақда бугун, 10 март куни  Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг жамоатчилик олдидаги ҳисоботи юзасидан ўтказилган анжуманда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага маълум қилди. 

Журналист Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновдан 500 минг пора олган ўқитувчилар беш йилга қамалаётган бир пайтда, қарийб 2 миллиард сўмни ўзининг фарзандларига тегишли бўлган телеканалга ўтказиб юборган Кинематография агентлигининг бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовга арзимаган жарима белгиланганига муносабатини сўради. 

“Мен бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. Кинематография агентлиги масаласида “Нима учун маъмурий жавобгарлик, кичкина пул билан жиноий жавобгарлик? Қамалганлар ҳам бўлган”, деб кўплаб муҳокамалар бўлди. Бир нарсани айтиш керакки, бу ерда давлат маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган ёки давлат маблағининг кимнингдир киссасига кетган ҳолати йўқ. Бу ерда харидларни амалга оширишда, яъни танловни эълон қилишда манфаатлар тўқнашуви борлиги тўғрисида хабар қилмаганлиги ҳақида гап кетяпти. Ажратилган пуллар қонуний ишлатилган. Яъни у пулларни ноқонуний сарфлаш ҳолати бўлмаган. Берилган буюртма асосида материал тайёрлаб берилган. Пуллар тўғри сарфланган. Гап шу ҳақда кетяпти. Бу ерда айнан манфаатлар тўқнашуви борлиги тўғрисида ўзини четлаштирмагани ҳолати бўйича маъмурий жавобгарлик берилган. Яъни шунча пулни кимдир еб юбориб, давлат бюджети талан-торож қилингани ҳолати эмас. Шуни эътиборга олишингизни сўраб қолар эдик. Прокуратура идоралари томонидан ўрганилганда, бу маблағлар талан-торож қилинмагани, агарда талон-торож қилинганида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилар эди”, дейди Бурҳонов 

"Сабрия" машмашаси

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди. 

Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди

Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди

Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов  ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.

Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган. 

20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради. 

Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.

Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди

Суд қарорига кўра, Фирдавс Абдухолиқов  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Акмал Бурҳонов Фирдавс Абдуҳолиқов коррупцион ҳолат Сабрия

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг