Монополлар “ҳимоясига отланган” Қудбиев, сотувга қўйилаётган “UzAuto Motors”, 10 йил навбат кутган Мурод Назаров – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
17 Январь 2022
9310Жамият
Ўзбекистонликлар харид чекини рўйхатдан ўтказиб, 5 млрд кэшбэк йиғди
Ўзбекистонда 2022 йил 14 январь ҳолатига кўра, 401 минг 604 та харид чеклари кэшбэк учун “Soliq” мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, жами кэшбэк суммаси 5 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этган. Мобил иловада 25 мингдан ортиқ янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қатор талаблар ўрнатилмоқда.
Самарқандда IТ-танлов ғолиби бўлган ўқувчига эски ноутбук берилди
Ижтимоий тармоқларда “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳасининг вилоят босқичида биринчи ўринни олган Самарқанд вилояти Нуробод тумани 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовнинг видеомурожаати эълон қилинди. Ўқиувчи унда биринчи ўринни олишига қарамай унга 3-даражали диплом ҳамда ишлатилган, эски ноутбук совға қилинганини айтган.
Нуробод тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур танловнинг туман босқичида Сардор Сатторов фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда Realme C11 русумли телефон аппарати билан тақдирланган.
Андижонга янги прокурор тайинланди
Бугун, 17 январь куни Сирожиддин Қоршибаевич Эшқувватов Андижон вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Қайд этилишича, Сирожиддин Эшқувватов Андижон вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон бош прокурори Н.Йўлдошев ва вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокидаги йиғилишда вилоятга прокурор этиб тайинланган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудова вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудова 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқарув аъзоси Шоира Исакова Facebook`даги саҳифасида маълум қилган.
Қайд этилтишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси бўлган Дилбар Маҳмудова бугун, 17 январь куни 85 ёшда вафот этган.
Маълумот ўрнида, Дилбар Маҳмудова 1936 йил 8 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Унинг илк китоби “Ярим аср ёнма-ён” номи билан чоп этилган.
“UzAuto Motors” акциялари биржа орқали сотилади
Ўзбекистондаги 8 та акциядорлик жамиятининг ҳиссалари биржа савдоларида сотилади. Уларнинг орасида “UzAuto Motors” АЖ ҳам бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача:
Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади;
норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;
резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.
Қашқадарёда шифокор 500 минг пора учун 5 йилга “кесилди”
Қашқадарё вилояти Касби туманида тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари фуқародан 500 минг сўм миқдорида пора олгани учун 5 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Э. Бозоров 2017 йил сентябрь ойидан Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари ҳамда тумандаги 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон, деб топиш комиссияси раиси лавозимида ишлаб келган.
Мурод Назаров QALAMPIR.UZ'га бола асраб олиш учун 10 йил навбат кутганини айтиб берди
Аввалроқ, ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Мурод Назаров Меҳрибонлик уйидан 9 нафар фарзанд асраб олгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ кўпчиликка сабоқ бўлувчи ушбу хайрли иш учун миннатдорлик билдириш мақсадида Назаров билан мулоқот қилди.
Маълум бўлишича, Мурод Назаров ва унинг турмуш ўртоғи – хоним Умида Назарова 7 нафар қиз, 2 ўғилни асраб олишган. Аввалига оммавий ахборот воситаларига бу ҳақда гапиришни истамаган Назаров, болалар ортиқча эътибор ва муҳокамалар сабаб стрессга тушиб қолишидан қўрқишини айтди.
Қайд этишича, у бола асраб олишни анча аввал режа қилган ва бунинг учун 10 йил навбат кутган.
Шавкат Мирзиёев “Арқадағ”нинг ўғлини қабул қилди
Бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
“Akfa”, “Artel” va “UzAirways”... “Танка”си борларга берилган имтиёзлар юки кимнинг бўйнида?
2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича бир қатор компанияларга солиқ имтиёзлари берилган. Улар том маънода энг бой ва энг даромадли корхоналар ҳисобланади. Солиқ имтиёзи берилган йирик компаниялар орасида биз “Artel” корхоналари тармоғи, “Акфа”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа номдор компанияларни ҳам кўришимиз мумкин. Хўш, улар тўламайдиган триллионлаб солиқлар кимларнингдир елкасига тушиб қолмаяптими? Иккинчидан, уларга нима учун солиқ имтиёзи берилган? Учинчидан, солиқ имтиёзи берилган компанияларнинг балансида умумий қанча мол-мулк бор? Qalampir.uz журналисти Юлдуз Абдурашидова шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевга юзланди.
“Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.
Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз. Агар ҳақиқатан ҳам Artek корхоналар тармоғига ҳам солиқ имтиёзи берилган бўлса, демак буни кўришимиз керак. Юлдузхон, энг асосий принцип шундаки, булар эълон қилиняпти, беркитилмаяпти, сир сақланмаяпти”, деди Шерзод Қудбиев.
Давлат солиқ қўмитаси раиси сўзида давом этар экан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани ҳақидаги хабарларни ҳам инкор қилди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаётганини таъкидлади.
“Биринчидан, кимга солиқ имтиёзи берилган бўлса, ҳаммасини эълон қилиб боряпмиз.
Иккинчидан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани қайд этилган, ундай эмас. Солиқ кодексида белгиланганидек, охирги икки йилдан бери, ҳатто, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаяпти, ким қанча даромад солиғи тўлагани ҳақида аниқ рақамлар бор.
Учинчидан, якуний бўлмаган ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1 трлн 190 млрд сўмлик товар айланмаси қайд этилган, шундан 17 фоизи нол даражадаги, 13 фоизи эса имтиёзли товар айланмаларидир. Умумий, солиққа тортиладиган айланма 833 трлн сўмни ташкил қилган, шундан 125 трлн ҚҚС ҳисобланган, 105 трлн “зачет”га ҳисобланган. Солиқ имтиёзлари ҳам бир муаммо бўлиши мумкин, аммо биз учун энг асосий муаммо – адолатли ҳисобот берилишини таъминлашдир”, деди у.
Қўмита раҳбари мол-мулк солиғидан ҳеч ким озод бўлмаслигини ҳам қўшимча қилди.
“Кейинги масала, мол-мулк солиғидан озод қилинганлар ҳақида. Аниқ айта оламанки, Ўзбекистонда ҳеч ким мол-мулк ва ер солиғидан озод бўлиб қолмайди. Озод бўлганлар ҳам, белгиланганидек, 1 фоизлик тўловлар тўлайди”, – деди Шерзод Қудбиев.
Олам
Песков Россия қўшинларини нега Украина чегарасига жойлаштирганини айтди
Россия қўшинлари Украина чегаралари яқинида, аммо кескин вазият ва НАТО ҳаракатлари туфайли Россия ҳудудида қолмоқда. Бу ҳақда кеча, 16 январь куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Россия Федерацияси ҳудудида, Украина чегарасига яқин жойда Россия қўшинлари бор. Биз ўта кескин вазият туфайли қўшинларни у ерда сақлашни зарур деб ҳисоблаймиз”, деган Песков.
Назарбоевнинг яна бир куёви “ёғли” лавозимидан кетди
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этишини эълон қилди.
“Бугундан бошлаб “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси Президиумининг сайланган раиси лавозимини тарк этишга қарор қилдим”, дейилади Кулибаевнинг баёнотида.
Кулибаев ўз баёнотида ҳамкасбларига биргаликдаги фаолияти учун миннатдорлик билдириб, натижаларни сарҳисоб қилган. Бироқ истеъфога чиқиш сабабини тушунтирмаган.
“Алоҳида алгоритм ишлаб чиқилганди”. Қозоқ мухолифатчиси талатўпларни ким бошқарганини айтди
Қозоғистон ҳукуматига мухолиф бўлган қочқиндаги банкир Мухтор Аблязов мамлакатидаги тартибсизликлар вақтида одамларни маъмурий биноларни эгаллашга чақирган. Бу ҳақда у РИА Новостига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Айни вақтда Францияда яшовчи Аблязовнинг таъкидлашича, Қозоғистондаги тартибсизликларни Киевда жойлашган штаб мувофиқлаштириб турган.
Мухолифатчи маъмурий биноларни эгаллаш деганда уларни ёқиб, вайрон қилишни эмас, балки ўша ерга жойлашишни назарда тутганини қўшимча қилган.
Назарбоев Қозоғистондан “қуён бўлгани” айтилди
Январь ойидаги тартибсизликлар вақтида кўриниш бермаган Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев жорий йилнинг 2-3 январь кунлари Олма-ота четидаги ўзи туғилиб ўсган Шамалған қишлоғига борган. Сўнг Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетган. Бу ҳақда унинг қишлоқдошлари айтиб берди.
Ҳозирда қишлоқда Назарбоевнинг қариндошлари яшайди. Унинг келганини одамлар машина эскорт билан келганидан билиб қолган. Собиқ Президент қабристонни зиёрат қилмоқчи бўлган, бироқ у ерга етиб бормаган, деган қабрларга қарайдиган қишлоқ аҳолисидан бири “Московский комсомольец”га берган интервьюсида.
Москва энди тоқат қила олмайди. Россия ва НАТО муносабатлари “қизил чизиққа” етди
Россия НАТОнинг Украинага босқичма-босқич бостириб киришига гувоҳ бўлмоқда ва у энди бунга чидай олмайди. Бу ҳақда Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига берган интервьюсида гапирди.
“Биз НАТОнинг Украина ҳудудига ўз инфратузилмаси, инструкторлари, мудофаа ва ҳужум қуроллари захиралари, Украина ҳарбийларини тайёрлаш ва шунга ўхшаш нарсалар билан босқичма-босқич бостириб киришига гувоҳ бўлаяпмиз”, деган Россия етакчисининг Матбуот котиби Москванинг ҳозирги Украина атрофидаги вазият ҳақидаги тасаввурини шарҳлар экан.
Расман! Тўқаев куёвлар ортидан Назарбоевнинг жиянини ҳам “учирди”
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абиш бугун, 17 январь куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Қозоғистон Республикаси Президент сайтида давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев МХҚ раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимдан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида расмий ахборот эълон қилинди.
Қозоғистонда намойишлар авжига чиққанида “Orda.Kz” нашри Самат Абиш йўқ бўлиб қолгани, у лавозимидан озод қилиниб, ҳибслангани ҳақида хабар тарқатган эди. Орадан кўп ўтмай, МХҚ Самат Абиш ҳибслангани ҳақидаги баёнотларни рад этиб, у фаолиятини давом эттираётганини билдирганди.
Порошенко Зеленскийни муносиб жазолашга ваъда берди
Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко амалдаги Президент Владимир Зеленскийнинг қудратига қарши чиққанларни бирлашишга чақирди. Бу ҳақда у Киев аеропорти олдида ўз тарафдорлари қаршисидаги чиқишида сўз очган.
"Биз Порошенкони ҳимоя қилиш учун эмас, биз бирлашиш ва Украинани ҳимоя қилиш учун келдик", деди собиқ президент.
НАТО Путиннинг қош-қовоғига қарамай, Украина билан шартнома имзолади
НАТО ва Украина технологик лойиҳалар устида ҳамкорликни давом эттириш учун янги шартнома имзолади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси баёнотида айтилади.
Томонлар технологияга оид лойиҳалар бўйича қўшма ишларни давом эттириш бўйича янгиланган Меморандумни имзолаган.
Ҳамкорлик “Билим алмашиш ташаббуси”ни ҳам ўз ичига олади, унда НАТО алоқа ва ахборот агентлигининг (NCI Agency) соҳа бўйича мутахассислари альянснинг қўмондонлик, бошқарув, алоқа ва компьютер имкониятларини ривожлантириш амалиёти ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашадилар.
NCI Agency бош директори Людвиг Декампснинг айтишича, ушбу келишувга мувофиқ альянс Украина билан ўз ахборот технологиялари ва алоқа хизматларини модернизация қилишда мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорликни чуқурлаштиради.
Россия АҚШнинг “биқин”ига қўшин жойлаштирадими? Песков жавоб берди
Кремль Россия хавфсизлигини таъминлаш учун турли сценарийларни кўриб чиқмоқда, бироқ Эстониянинг НАТО қўшинларини жойлаштириш ҳақидаги сўрови мамлакат хавотирлари ўринсиз эмаслигини тасдиқлайди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Албатта, ҳозирги вазият шароитида Россия ўз хавфсизлигини қандай таъминлаш ҳақида ўйлаяпти, турли сценарийларни ҳам кўриб чиқяпмиз”, деган давлат раҳбарининг вакили журналистларнинг Лотин Америкаси мамлакатларида Россиянинг ҳарбий инфратузилмасини жойлаштириш имконияти ҳақидаги саволига жавоб берар экан.
Спорт
Марсело “Реал”да тарихий рекордни янгилади
Аввалроқ, Мадриднинг “Реал” клуби Испания Суперкубоги финалида Бильбаонинг “Атлетик” клубини мағлуб этгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълум бўлишича, “қаймоқранглилар” ҳимоячиси Марсело учун Суперкубок Мадрид клубида қўлга киритилган 23-соврин бўлди. Бразилиялик футболчи 23 та кубокга эга ярим ҳимоячи Франсиско Гентонинг рекордини такрорлаб, клуб тарихида энг кўп мусобақада ғолиб чиққан футболчига айланди. Улардан кейинги поғонада Серхио Рамос (22) ва Маноло Санчис (21) бормоқда.
Мбаппе голини VACTERL’га чалинган қизалоққа бағишлади
ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе Франция чемпионатининг 21-тури доирасидаги “«Брест”га қарши ўйинда (2:0) урган голини ижтимоий тармоқларда ҳақоратланган ёш мухлисга бағишлади. Бу ҳақда “RMC Sport” нашри хабар берди.
Аввалроқ, VACTERL синдроми ташхиси қўйилган 8 ёшли Камилла видеомурожаатини эълон қилиб, Мбаппени Янги йил билан табриклаган ва ундан ПСЖни тарк этмасликни сўраган эди. Кейинчалик унинг ижтимоий тармоқлардаги пости остида кўплаб ҳақоратли шарҳлар пайдо бўлганди.
“Пахтакор” “ўлим гуруҳи”дами? ОЧЛ ва ОФК кубогига қуръа ташланди
Бугун футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК Кубогига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Унга кўра, мусобақага тўғридан-тўғри йўлланма олган “Пахтакор” “Д” гуруҳидан жой олди. “Шерлар” Қатарнинг “Ал Духаил”, Эроннинг “Сепахон” ва “Ал Тавун” (Саудия) – “Ал Жаиш” (Сурия) ўйини ғолибига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон кубоги соҳиби “Насаф” эса плей-офф босқичида БААнинг “Банияс” клуби устидан ғалаба қозонса, “Е” гуруҳидан ўрин эгаллайди. Бундай ҳолатда “Сўғдиёна” ОФК Кубоги “Е” гуруҳига йўлланма олади.
Ҳабиб Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи
UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов 2023 йилга қадар Ўзбекистонда ресторан очиши мумкин.
Гап шундаки, россиялик аралаш яккакураш жангчисига алоқадор “M-eat group Franchising” компанияси “M-eat by Khabib” тез овқатланиш ресторанлари тармоғини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар берган.
Таъкидланганидек, “Moscow City” бизнес марказидаги “City of capitals” минорасида тармоқнинг биринчи корхонаси аллақачон очилган. Май ойининг охирига қадар компания Москвада яна 14 та умумий овқатланиш шохобчаларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Муассасаларнинг манзиллари ҳали эълон қилинмаган, бир муассасани очиш нархи эса 35-40 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
LiveБарчаси