Песков Россия қўшинларини нега Украина чегарасига жойлаштирганини айтди
Олам
−
17 Январь 2022
23159Россия қўшинлари Украина чегаралари яқинида, аммо кескин вазият ва НАТО ҳаракатлари туфайли Россия ҳудудида қолмоқда. Бу ҳақда кеча, 16 январь куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Россия Федерацияси ҳудудида, Украина чегарасига яқин жойда Россия қўшинлари бор. Биз ўта кескин вазият туфайли қўшинларни у ерда сақлашни зарур деб ҳисоблаймиз”, деган Песков.
Песков минтақада НАТО самолётларининг парвозлари кузатилаётганини, альянс инфратузилмаси Россия чегаралари томон ҳаракатланаётганини қўшимча қилди.
“Биз жавоб беришимиз, эҳтиёт чораларини кўришимиз керак, шунинг учун ҳарбийларимиз бизнинг ҳудудимизда”, дея қўшимча қилган Россия раҳбари матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Оқ Уй Матбуот котиби Жен Псаки Россия қачон Украина ҳудудига бостириб кириши ҳақида маълум қилган эди. Унга қўра, Москва жорий йил январь-февраль ойларида ҳужум қилишни кўзламоқда.
“Биз Россия ҳукумати босқинга тайёргарлик кўраётганидан хавотирдамиз. Биз буни аввал ҳам кўрганмиз ва бу бизни 2014 йилга, жумладан, Украинани мамлакат шарқидаги Россия кучларига қарши ҳужумлар уюштиришда айблаш учун саботаж ва ахборот операцияларига қайтаради. Россия ҳарбий режалари январь ва февраль ўрталарида бошланиши мумкин бўлган ҳарбий босқиндан бир неча ҳафта олдин бундай фаолиятни бошлашдан иборат”, деган Псаки.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
LiveБарчаси