Уруш тугаганидан кейин Украина чегаралари ўзгариши мумкин – Трамп
Олам
−
09:14 935 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина билан тинчлик келишуви доирасида мамлакат чегаралари ўзгариши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, уруш якунланганидан кейин Украина ҳозиргидан бошқача ҳудудий кўринишга эга бўлади. Бу ҳақда у CBS телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Менимча, биз бунга эришамиз, якунда Украина бироз бошқача шаклга эга бўлади. Қаранг, агар мен президент бўлганимда, бу уруш бошланмаган бўларди”, деган Трамп.
Унинг қўшимча қилишича, яқин кунларда “жуда муҳим учрашув” бўлиб ўтади. Шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги можаро тез орада якунланади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ делегациялари иштирокида уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтадиган учрашувларда томонларнинг хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинади.
Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг 21 октябрь куни мамлакатдаги мавжуд вазиятни музлатиб қўйиш ва Украина ҳудудининг 75 фоизи ёки ундан кўпроғини сақлаб қолишни назарда тутувчи келишувга рози эканини билдирган эди. Бунга жавобан Россия Президенти Владимир Путин гап Россиянинг тарихий ерлари ҳақида кетаётганини таъкидлаган.
Путин аввал ҳам Москва вақтинчалик сулҳ эмас, балки узоқ муддатли келишув тарафдори эканини бир неча бор айтган. Унинг таъкидлашича, бунга эришиш учун можаронинг дастлабки сабаблари, жумладан, Украинада рус тилида сўзлашувчи аҳолининг камситилиши ҳамда НАТО кенгайиши билан боғлиқ миллий хавфсизлик таҳдидлари бартараф этилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп тинчлик келишувига эришилмаса, Россия ва Украинага 200 фоизлик бож жорий этиш мумкинлигини айтганди.
Live
Барчаси