Трамп маъмуриятининг 6 аъзоси Эрон таҳдиди сабаб ҳарбий базаларга кўчиб ўтди – CNN
Олам
−
1850 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг камида олти нафар аъзоси Эрон таҳдидлари ва мамлакатдаги сиёсий зўравонлик хавфи сабаб Вашингтондаги ҳарбий базаларга кўчиб ўтди. Улар ҳарбийлар учун ажратилган уйларда яшамоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
CNN’нинг ёзишича, аввалги президентлар даврида юқори лавозимли фуқаролик амалдорларининг қўриқланадиган ҳарбий базаларда яшаши камдан кам учраган. Ҳозир эса бундай уй-жойларда яшаётган Трамп маъмурияти вакиллари сони камида олтитага етган. Мансабдорларнинг ўзлари ҳарбий базаларда шаҳарнинг бошқа жойларига қараганда хавфсизроқ эканини айтмоқда.
.png)
Ҳарбий базага охирги бўлиб АҚШ Молия вазири Скотт Бессент кўчиб ўтган. У Жоржтаун ҳудудидаги ҳашаматли уйини тарк этган. Бессентнинг айтишича, бунга Эрондан келаётган таҳдидлар сабаб бўлган. У айни пайтда Эронга қарши иқтисодий босим чораларини олиб бормоқда.
CNN манбаларига кўра, яқинда АҚШ Бош прокурори вазифасини бажарувчи Тодд Бланш ҳам ҳарбий базага кўчирилган. Оқ уй аппарати раҳбари Стивен Миллер эса Виржиниядаги уйи олдида унинг манзили ёзилган варақалар тарқатилганидан кейин оиласи билан базага жойлашган.
Миллер оиласи, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Мудофаа вазири Пит Хегсет Форт-Макнер ҳарбий базасидаги “Генераллар қатори” деб аталадиган ҳудудда қўшни бўлиб яшамоқда. Улар бу уйлар учун ижара ҳақи тўлайди. Тўлов миқдори одатда ойига 4,5 минг доллардан ошади.
Америка университети қошидаги Конгресс ва президентликни ўрганиш маркази директори Томас Кан бу ҳолат жамоатчиликка танилган шахсларнинг жамиятдан янада узоқлашишига олиб келиши мумкинлигини айтган.
“Бу жамоатчиликка танилган шахсларнинг жамиятдан ажралиб қолишига ёрдам беради ёки бу ҳолатни янада кучайтиради. Бу жуда ачинарли”, деган у.
АҚШ Мудофаа вазирлиги келаси баҳоргача Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитасига ҳарбий турар жойларда яшаётган сиёсий тайинловлар ҳақида ҳисобот тақдим этиши керак. Унда мансабдорларнинг базаларга кўчишига сабаб бўлган таҳдидлар, бунинг ҳуқуқий асослари ва ижара ҳақи кўрсатилиши лозим.
Ҳисобот тақдим этилиши талабини Калифорния штатидан конгрессмен Жорж Уайтсайд илгари сурган. Унинг айтишича, мансабдорлар уй-жой учун бозор нархларига мувофиқ ҳақ тўлаётганини текшириш зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ разведкаси Эрон америкалик дипломатлар ва мансабдор шахсларга суиқасд уюштиришни режалаштираётганидан огоҳлантирган эди. Айрим режалар аллақачон жиддий тайёргарлик босқичига етган.
Live
Барчаси