Москва энди тоқат қила олмайди. Россия ва НАТО муносабатлари “қизил чизиққа” етди

Олам

image

Россия НАТОнинг Украинага босқичма-босқич бостириб киришига гувоҳ бўлмоқда ва у энди бунга чидай олмайди. Бу ҳақда Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига берган интервьюсида гапирди.

“Биз НАТОнинг Украина ҳудудига ўз инфратузилмаси, инструкторлари, мудофаа ва ҳужум қуроллари захиралари, Украина ҳарбийларини тайёрлаш ва шунга ўхшаш нарсалар билан босқичма-босқич бостириб киришига гувоҳ бўлаяпмиз”, деган Россия етакчисининг Матбуот котиби Москванинг ҳозирги Украина атрофидаги вазият ҳақидаги тасаввурини шарҳлар экан. 

Песковнинг таъкидлашича, воқеаларнинг бундай ривожланиши Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларни “қизил чизиққа” олиб келди, бу ҳолатга Москва “энди тоқат қила олмайди”. 

“Президент Путиннинг “Бу биз учун ҳақиқий таҳдид” деганининг асосий сабаби ҳам шу эди. Бу Европадаги барқарорлик ва хавфсизлик ҳамда Европа хавфсизлик архитектурасига ҳақиқий таҳдид”, дея қўшимча қилган Кремль расмийси. 

Песковга кўра, НАТО “тинчлик элтувчи” эмас, балки Россия чегараларига яқинлашиб келаётган қарама-қаршилик қуроли. 

“Бизнинг тушунишимизча, НАТО ҳимоя учун эмас, қарама-қаршилик учун яратилган ташкилотдир. Шунингдек, НАТО тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик “кабутари” эмас. Бу қарама-қаршилик қуроли кундан-кунга бизнинг чегараларимизга яқинлашиб келмоқда”, деган у. 

Бажарилмаган ваъда 

Президент Матбуот котибининг эслатишича, Қўшма Штатлар Германияни бирлаштириш вақтида НАТО инфратузилмасини шарққа кенгайтирмасликка ваъда берган, бироқ бу қонуний кучга эга бўлмаган шаклда қайд этилган. 

“Америка томонининг ваъдаси бор эди, афсуски, қонуний кучга эга ҳужжат кўринишида эмас, лекин НАТО ҳеч қачон ўзининг ҳарбий ёки сиёсий инфратузилмасини шарққа кенгайтирмаслигига кафолат бор эди”, деган у. 

Украина атрофидаги вазият 

Ғарб сиёсатчилари сўнгги ойларда Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаганини даъво қилмоқда. Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Қуролли кучлар давлат ҳудудида ҳаракатланмоқда — бу ҳеч кимга таҳдид солмайди ва ҳеч кимни хавотирга туширмаслиги керак. Москвага кўра, “Россия агрессияси” ҳақидаги баёнотлар чегара ҳудудларида НАТО контингентларини тўплаш учун баҳона сифатида фойдаланилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

764

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг