Ҳабиб Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўймоқчи
Спорт
−
17 Январь 2022
17993UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов 2023 йилга қадар Ўзбекистонда ресторан очиши мумкин.
Гап шундаки, россиялик аралаш яккакураш жангчисига алоқадор “M-eat group Franchising” компанияси “M-eat by Khabib” тез овқатланиш ресторанлари тармоғини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар берган.
Таъкидланганидек, “Moscow City” бизнес марказидаги “City of capitals” минорасида тармоқнинг биринчи корхонаси аллақачон очилган. Май ойининг охирига қадар компания Москвада яна 14 та умумий овқатланиш шохобчаларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Муассасаларнинг манзиллари ҳали эълон қилинмаган, бир муассасани очиш нархи эса 35-40 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
“M-eat group Franchising” вакили 2023 йил охиригача компания бешта давлатда, жумладан Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларида 150 та савдо нуқталарини очишни кўзлаётганини таъкидлади. Энди компания ушбу мамлакатларда франчайзерларни қидирмоқда. Россияда “M-eat by Khabib” умумий овқатланиш шохобчалари Марказий Федерал округ ва Шимолий Кавказда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Маълумот учун, аввалроқ Ҳабиб ўзининг мобил операторини ишга туширганини эълон қилган эди. Янги компания бозорга “Eagle Mobile” номи билан кирган.