НАТО Путиннинг қош-қовоғига қарамай, Украина билан шартнома имзолади
Олам
−
17 Январь 2022
17947НАТО ва Украина технологик лойиҳалар устида ҳамкорликни давом эттириш учун янги шартнома имзолади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси баёнотида айтилади.
Томонлар технологияга оид лойиҳалар бўйича қўшма ишларни давом эттириш бўйича янгиланган Меморандумни имзолаган.
Ҳамкорлик “Билим алмашиш ташаббуси”ни ҳам ўз ичига олади, унда НАТО алоқа ва ахборот агентлигининг (NCI Agency) соҳа бўйича мутахассислари альянснинг қўмондонлик, бошқарув, алоқа ва компьютер имкониятларини ривожлантириш амалиёти ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашадилар.
NCI Agency бош директори Людвиг Декампснинг айтишича, ушбу келишувга мувофиқ альянс Украина билан ўз ахборот технологиялари ва алоқа хизматларини модернизация қилишда мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорликни чуқурлаштиради.
Унинг сўзларига кўра, келишув доирасида украиналик кадрларни тайёрлаш талаб қилиниши мумкин бўлган соҳалар аниқланади.
"Мутахассисларимиз ушбу муҳим ҳамкорликни давом эттиришга тайёр", деди Декампс.
NCI Agency ва Украина ўртасидаги биринчи келишув 2015 йилда имзоланган. Ушбу келишув доирасида Украина ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш учун эрта огоҳлантириш ва мувофиқлаштириш дастури ҳам амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Украинада айрим давлат муассасалари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтлари хакерлик ҳужумига учраган эди. Киев ҳужум ортида Россия турганини айтди. Воқеадан сўнг НАТО Бош котиби Ёнс Столтенберг Украинани қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Яқин кунларда НАТО ва Украина кенгайтирилган кибер ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолайди, бу шартнома бошқа нарсалар қатори Украинанинг зарарли дастурлар ҳақида маълумот алмашиш учун НАТО платформасига киришини ҳам назарда тутади”, деди у.
LiveБарчаси