Лавров Москва Киевга қандай талаб ва таклифлар қўйганини маълум қилди
Олам
−
10 Март 2022
18065Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина бўйича Анталияда бўлиб ўтган уч томонлама йиғилиш доирасида Россия томони Киевга қарама-қаршиликларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар тақдим этганини ва Киев “Россия лойиҳасини инобатга олгани ва жавобини беришини” айтди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
“Бугун музокаралар жараёнидан бошқа муқобил йўқлиги аён бўлди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан бўлиб ўтган музокараларда ҳеч ким ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олмоқчи эмасди”, деган у музокаралардан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.
Лавровнинг сўзларига кўра, Москванинг Украинада кундалик гуманитар йўлакларни очиш ташаббуси ўз кучида қолмоқда.
“Россия Украинанинг “нейтрал” мақомга эга бўлиши тарафдори. Биз НАТОнинг кенгайишига қаршимиз, лекин Украина хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини рад этмаймиз. Ғарб Украинадан фақатгина Киев доим Россияга қарши ҳаракат қилишини хоҳлайди. Россия Федерацияси Украинани қуролсизлантирилган, дўстона, рус тили тақиқланмаган ҳолда кўришни истайди”, деган россиялик вазир.
Аввалроқ, бугун, 10 март куни Анталия шаҳрида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ўртасида учрашув бошлангани ҳақида хабар бергандик.
Бу икки давлат ТИВ раҳбарларининг Украинада Россия Қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин ўтказаётган илк музокараси.
Кулеба учрашувдан кейин 24 соатлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаганини, аммо Украина яна шундай форматдаги учрашувдан бош тортмаслигини маълум қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь