Мирзаев иши: Тошкент ва Анқарадаги элчихоналар Нодира Қодирова масаласидек сукут сақламоқда
Жамият
−
21 Декабрь 2020
13797Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада ўзбекистонлик таниқли журналист, блогер Абдукарим Мирзаев Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳибсга олиниб, уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди
Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни ҳибсга олингани, аллақачон уни депортация қилиш ҳақидаги қарор қабул қилингани ва бу ҳақдаги хабарлар ўтган ҳафта якунида ОАВда тарқаганига қарамай, ҳамон Тошкент ва Анқара расмийлари бу вазият ва Мирзаевнинг ҳозирги ҳолати, у қаерда сақланаётгани ҳақида расмий баёнот бергани йўқ.
QALAMPIR.UZ журналистнинг ҳибсланиши билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси билан боғланди. 19 декабрдан буён давом этаётган мулоқотлардан фойда бўлганича йўқ. Элчихона Абдукарим Мирзаевнинг ҳолати ҳақида расмий маълумот бермаяпти. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам сукут сақламоқда. Вазирлик вакилининг телефон орқали QALAMPIR.UZ билан суҳбатда билдиришича, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги журналист Абдукарим Мирзаевнинг яқинлари ва адвокати билан мулоқот ўрнатган. Бироқ, бу ҳақда Консуллик-ҳуқуқий департаментидан ҳам, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасидан ҳам расмий баёнот берилгани йўқ.
Тошкентга кўра, Абдукарим Мирзаевнинг Туркияда ҳибсланиши Ўзбекистоннинг сўрови асосида бўлмаган. Бош прокуратура Мирзаев қидирувга берилмагани ва унга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш мавжуд эмаслигини айтмоқда.
ТИВ жорий йилнинг 19 декабрь куни QALAMPIR.UZ билан мулоқотда ҳозирда иш ўрганилаётгани ва тез орада расмий баёнот берилишини ваъда қилганди. Ҳозирча кутяпмиз.
Маълумот ўрнида, бундан бир неча кун олдин Туркияга йўл олган журналист ва блогер Давронбек Тожалиев ҳам Истанбул аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинганди. Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакилининг сўзларига қараганда, Тожалиевнинг депортация қилиниши унинг 2018 йилда Туркияда қолиш қоидаларини бузгани билан боғлиқ.
Абдукарим Мирзаев эса шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлганликда гумонланиб, ҳибсланган. Бу орада шубҳа-гумонлар тасдиғини топмади. Бу ҳақда унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини юритувчи маъмур хабар қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар қиз – Нодира Қодирова Туркия Буюк Миллат Мажлисининг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан депутати Ширин Уналнинг уйида ўлик ҳолда топилган эди. Орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтса ҳамки, Нодира Қодированинг ўлими сабабларига ойдинлик киритилгани йўқ. Тошкент ва Анқарадаги элчихоналар бу мавзу ҳақида сўз очмаганига анча бўлди.
LiveБарчаси