Ўзбекистонлик мигрантлар ҳимоясиз ўлиб кетаверадими?
Интервью
−
03 Февраль 2022
13798Бугун туҳмат қурбони бўлаётган, ўзи қилмаган жиноятда айбланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари талайгина. Улар емаган сомсасига пул тўлаяпти. Сабаби ўзга юртда ҳимоясиз. Афсуски, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги бугунги вазият қониқарли эмас. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ раҳбари – Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси Экспертлар кенгаши аъзоси Қамариддин Шайхов қўмита йиғилишида сўз очди.
“Ахборот соҳасида муҳим ва бутун миллат, мамлакатнинг обрўсига хорижий миқёсда таъсир кўрсатадиган бир ҳолат бор: кўпинча хорижий ОАВда ўзбекистонлик фуқаро фалон мамлакатда оғир жиноят содир этгани ҳақида хабар тарқалади. Ҳали суд қарори билан ўша фуқаронинг айби тасдиқланмай туриб, ОАВ тарқатган хабар орқали ижтимоий тармоқда қоралов акцияси бошланади. Кейин ўша жиноятни бошқа одам содир этгани исботланса-да, ўзбекнинг номи ёмонотлиқ бўлиб қолаверади. Гўёки, лойни от, ўзи қолмаса ҳам изи қолади дегандек”, дейди Қамариддин Шайхов.
Журналист сўзида давом этаркан, бугун хориждаги кўплаб мигрантлар ҳимоясиз қолиб кетаётганини урғулайди. У гапларига мисол тариқаси 2019 йилнинг 23 сентябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Парламент депутати Ширин Уналнинг уйида ишлаган 23 яшар ўзбекистонлик қиз Нодира Қодированинг фожиали ва сирли ўлимини ёдга олди. Унинг таъкидлашича, ҳамон ушбу сирли ўлим тафсилотлари очиқланмаган. Қодированинг ўз жонига қасд қилгани эса шубҳали.
“Қизнинг акаси ёки қариндошларининг қанча бонг уришига қарамай, сирли ўлим тафсилотлари ҳалигача ёпиқлигича қолди. Айнан шу жараёнда QALAMPIR.UZ Бош прокуратурага ҳам мурожаат қилган.
Прокуратура ва Ички Ишлар идораларининг ўзаро ҳамкорлиги фақат бир меморандум асосида эмас, балки мана шундай жиноятларни фош этишда ҳам бўлиши керак. Чунки у бизнинг фуқаромиз ва бу ерда унинг беайб тўкилаётган қони турибди. Четга кетган инсон ўлиб кетаверадими?. “Нима бўлди”, деб сўралса, “машина уриб кетибди, ўзини ўзи отиб қўйибди”, деб қутулишади. Албатта, бундан осони йўқ”, дейди Шайхов.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ раҳбари сўзи давомида таниқли журналист Абдукарим Мирзаевнинг 2020 йилда Туркияга кетиб, бесабаб қамаб қўйилгани ва шунчаки чиқариб юборилиб, ҳеч қандай изоҳ берилмагани ҳақида гапирди:
“Ўзимизнинг журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда ҳеч бир сабабсиз қамаб қўйилди. Ўзбекистонда ҳам бу ҳақида бонг урилди. Абдукарим неча кунлаб қамоқда ётди. Охирида эса, ҳеч қандай изоҳсиз қамоқдан чиқариб юборилди. Бу ҳолатлар одамларда турлича таассурот уйғотди. “Демак, ўзида ҳам бир айб бордир-да”, деб гапирганлар ҳам топилди”.
Журналистнинг таъкидлашича, хориждаги ўзбекистонлик мигрантларнинг суд қарорисиз жиноятда айбланиши нафақат ўша шахснинг ўзига, балки бутун мамлакатнинг имиджига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу, ҳатто, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан ишончсизликни пайдо қилиб, уларнинг иш топишларини қийинлаштирмоқда. Шайховга кўра, бунда энг асосий муаммо уларга тўланадиган маош билан боғлиқ. Унинг таъкидлашича, 2015 йилда Москвада ўзбекистонлик энага билан содир бўлган мудҳиш ҳолат Россияда ўзбекистонлик энагаларга тўланадиган нархнинг кескин пасайишига олиб келган. Кўпчилик оилалар эса ўзбекистонлик аёлларни уй ишлари ва энагаликка қабул қилмай қўйган.
“Мен аниқ эслайман, 2016 йилда Россияда аёл киши томонидан жуда мудҳиш жиноят содир этилди. Ўша вақтда бир аёл (Гулчеҳра Бобоқулова – таҳр.) ўзи энагалик қилаётган боланинг бошини олиб, метро бекати атрофига чиқиб, кўтариб юрган. Ўша аёлни ҳам террорчилик ҳаракатлари аъзоси дейишди. У аёлнинг Ўзбекистон фуқароси экани айтилди. Аммо, бу жиноятнинг тўлиқ тафсилотлари очилмади. “Воқеа қандай содир бўлган ёки бунинг буюртмачиси ким?” деган саволлар жавобсиз қолди. Бу ҳолат Ўзбекистондан бошқа давлатга бориб ишлаётган аёлларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Бу таъсир нафақат психологик, балки моддий томонлама ҳам бўлган эди.
Қани энди айтинг, жиноятчиликда ноҳақ айбланаётган ёки яқинлари жиноят қурбони бўлганлар қайси эшикка бошини урсин? Элчихона ёки консулликка деган жавоблардан қониқмаймиз. Одамлар муаммосига ечим қидириб, эшик қоқиб борганида, элчихонанинг эшиги очилмаган ва консуллик жавоб бермаган ҳолатлар жуда кўп бўлган. Биз бу ҳуқуқий масалаларни қачон кўриб чиқамиз? Қачон чет давлатдаги Ўзбекистон фуқаролари бесабаб жиноий жавобгарликка тортилганида ўз Ватанидан ишончли ёрдам олиши мумкин бўлади?”, деган саволни илгари сурди журналист.
Қамариддин Шайхов хорижда 2 млндан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари борлигини урғулаб, улар билан боғлиқ жиноий хабарларга доим ҳам ишониб қолиш нотўғри эканини айтди.
“Бир мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идораси ёки Бош прокурорнинг ўзи айтиб турибди-ку дегани, бу аниқ ҳақиқат эмас. Балки, улар ўша мамлакатга алам юзасидан ёки давлатнинг имиджини тушириш учун шундай оғир айбловни қўяётгандир. Бу ишларни очишда Ўзбекистон ИИВ ва прокуратура органлари ҳам иштирок этса, яхши бўлар эди. Улар хориждаги мигрантларнинг бирортаси жиноятчиликка аралашиб қолганида, иш холис ўрганилишини назорат қилиши ва фуқароларимизни ҳимояга олиши керак.
Ўзбекистонликлар билан боғлиқ жиноятлар ҳақида билиб-билмай тарқатилаётган хабарлар уларга жиноятчидек қарашнинг кучайишига олиб келмоқда. Ахир Ўзбекистон жиноятчилар фабрикаси эмас-ку”, дейди QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов.
Йиғилишда Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ушбу масала қўмита ва Сенат томонидан атрофлича ўрганилиб, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага сўров юборилишини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь