Абдукарим Мирзаевнинг қамоққа олинишида Ўзбекистоннинг “қўли борми”?
Жамият
−
19 Декабрь 2020
29840Аввалроқ, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Журналист ўзига тегишли телефон рақами орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлганликда гумонланиб, полиция томонидан қўлга олинган, кейинроқ қўйиб юборилган. Ҳеч қандай айблов исботланмаган бўлса-да, Абдукарим Мирзаевни депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилган.
Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритиш, унинг қўлга олинишида Ўзбекистон томонидан расмий сўров бўлган ёки бўлмаганини билиш учун QALAMPIR.UZ Бош прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон томони Мирзаевнинг қўлга олиниши бўйича сўров бермаган. Мамлакатда унга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши ҳам очилмаган.
“Бош прокуратурада Мирзаев Абдукаримга нисбатан жиноят иши мавжуд эмас. Қидирув ҳам эълон қилинмаган”, деди Шамсутдинов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
ТИВ эса ҳозирда ишни ўрганаётганини ва тез орада расмий баёнот билдирилишини таъкидлади.
Маълумот учун, Абдукарим Мирзаев журналист, кинорежиссёр ва блогер. У 2010 йилда Қирғизистонда юз берган воқеаларни ёритиб берган “Дардга даво истаб” фильми билан машҳур бўлган. У журналистик фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” телерадиоканалида ишлаган. Сўнгги вақтларда у YouTube`даги диний, фалсафий ва ижтимоий чиқишлари билан яхши танилганди.
LiveБарчаси