Ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олинди
Жамият
−
19 Декабрь 2020
39036Таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Газета.uz”га бошқа бир журналист Санжар Рустамов хабар қилди.
Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлади.
Абдукарим Мирзаевнинг турмуш ўртоғи бу ҳолатга изоҳ бериб, охирги вақтлар, айниқса сўнгги икки-уч ойда кўрсатувлари интернетда катта қизиқиш билан кузатилаётган журналистга нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўпгина давлатларидан мухлислари қўнғироқ қилиб, хурматини билдиргани, айримлари оилавий муаммоларини айтиб, ундан маслаҳат сўраганини таъкидлади. Бундай вазиятда қўнғироқ қилувчи шахснинг кимлиги, мақсадларини аниқлаш, умуман, вазиятни назорат қилиш мутлақо имконсиз эканини айтди.
Шунингдек, журналист ҳибсга олинишидан 10 кунча олдин, аниқроғи 28 ноябрь куни кундузги 12:20—13:30 лар оралиғида оилавий хордиқ чиқариш ва видеолавҳа тасвирга олиш мақсадида Истанбулнинг Мармара денгизи ёқасидаги Флориа соҳилига чиққанида замонавий кийинган (шимда) тўрт аёл (икки нафари 35−40, икки нафари 16−17 ёшларда) улардан телефон қилиб олишни сўрагани, шундан кейин Абдукарим Мирзаевнинг телефонига турли рақамлардан эркаклар қўнғироқ қилгани, СМС хабарлари ёзганини таъкидлади. Ушбу воқеадан кейин янги олинган мобил телефони секин ишлашни, қотиб қолишни ҳам бошлаган.
10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ярим оқшомда зирҳли автомобилларда келган қуролланган ва ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказишган. Улар уйдан ҳеч қандай шубҳали нарса топа олмаган ва қўшнилар гувоҳлигида ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетишган.
Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборишган. Айни вақтда депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилиш, кузатувни тўхтатиш тўғрисидаги даъво тайёрланмоқда.
Санжар Рустамов (у ҳам Кастамону университети магистранти) журналистнинг на диний ва на сиёсий амбициялари йўқлигини, бор-йўғи ибратли ҳикоялар, ривоят ва асотирларни сўзлаб бериб, видеоларини ижтимоий тармоқларга жойлаб боришини таъкидлади.
“Бунинг замирида биринчи навбатда интернетнинг ўзбек сегментини сифатли ва мазмунли видеоконтент билан тўлдириш, ахлоқий, маънавий-маърифий ҳикоялар орқали халқимиз, айниқса интернет даврида улғаётган ёш авлоднинг онгу тафаккурини юксалтириш мақсади ётибди. Қолаверса, пандемия даврида тушумлар озайган бир вақтда ушбу видеороликларни YouTube-каналга жойлаштириш орқали пул ишлаш мақсади ҳам йўқ эмас эди. Бундан бошқа ҳеч қандай манфаат, мақсад ёки ғоялар йўқ. Ҳа, дарвоқе, ҳикоя ва ривоятларнинг диний мазмун ва руҳда экани Абдукарим Мирзаевнинг оддий бир зиёли мусулмон сифатидаги танлови, холос”, деган у.
Ўзбекистон расмий идоралари ҳолат юзасидан ҳозирча расмий баёнот бергани йўқ.
LiveБарчаси