Абдукарим Мирзаев ҳақида хушхабар берилди
Жамият
−
21 Декабрь 2020
46246Туркияда ҳибсга олинган журналист ва блогер Абдукарим Мирзаев Ўзбекистонга депортация қилинмайдиган бўлди. Бу ҳақда айни вақтда Туркияда бўлиб турган ўзбекистонлик яна бир журналист Санжар Саид ўз блогида хабар берди.
“Истанбул Иммиграция идораси (Goç idorasi)дан келган охирги хабарга кўра хавотирга ўрин йўқ. Абдукарим Мирзаев депорт қилинмайди, чиқиши эса вақт масаласи экан”, деб ёзмоқда Санжар Саид.
Ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаевнинг тасдиқланмаган шубҳа-гумонлар асосида ҳибсланиши ва депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари орасида трендда чиққан мавзулардан бири бўлди. Ҳафта охирида Мирзаев масаласи кун тартибида бўлди. Facebook, Twitter #FREEDOMtoABDUKARIM, #freeabdukarim, #ABDUKARIMGAOZODLIK хештеглари билан ёзилган постлар билан тўлди.
Эслатиб ўтамиз, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинди.
Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлади.
10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ярим оқшомда зирҳли автомобилларда қуролланган ва ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказишган. Улар уйдан ҳеч қандай шубҳали нарса топа олмаган ва қўшнилар гувоҳлигида ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетишган.
Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборишган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Абдукарим Мирзаевнинг ҳибсланиши Ўзбекистоннинг сўрови асосида бўлмагани, мамлакатда унга нисбатан жиноий иш очилмаганини маълум қилди. Ҳозиргача Ташқи ишлар вазирлиги, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ҳолат бўйича расмий баёнот берганича йўқ.
LiveБарчаси