Шубҳа-гумонлар тасдиғини топмади – Абдукарим Мирзаев иши бўйича хабар берилди
Жамият
−
19 Декабрь 2020
21918Аввалроқ, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев жорий йилнинг 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Журналиснинг Instagram’даги расмий саҳифасида бўлаётган воқеалар бўйича мурожаат пайдо бўлди.
Мурожаат Абдукарим Мирзаевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари администратори томонидан ёзилган. Унда қайд этилишича, журналистга нисбатан илгари сурилган барча шубҳа-гумонлар ўз тасдиғини топмаган, бироқ депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
“Устозимиз Абдукарим Мирзаевнинг Туркия полицияси томонидан ушлангани ҳақида хабар топган бўлсангиз керак. Биз бу бир тушунмовчилик, тез орада устозимизнинг айбсизлиги аниқланиб, қўйиб юборишади, деган ўй билан бу ҳақда оммага эълон қилмаган эдик.
Ҳақиқатан ҳам устозимизга нисбатан илгари сурилган барча шубҳа-гумонлар ўз тасдиғини топмади, бироқ депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни вақтда Абдукарим Мирзаевни депортация қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ва қўйиб юборилиши бўйича тегишли чоралар кўрилаяпти”, дейилади мурожаатда.
Шунингдек, мурожаатда Абдукарим Мирзаев иши бўйича турли миш-миш ва асоссиз хабарларни тарқатаётганларга ишонмаслик сўралган.
“Сизлардан устозимизнинг ҳаққига дуо қилишни ва “очко” ишлаш учун турли миш-миш ва асоссиз хабарларни тарқатаётганларга ишонмасликни илтимос қилиб қоламиз”, дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритиш, унинг қўлга олинишида Ўзбекистон томонидан расмий сўров бўлган ёки бўлмаганини билиш учун QALAMPIR.UZ Бош прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон томони Мирзаевнинг қўлга олиниши бўйича сўров бермаган. Мамлакатда унга нисбатан ҳеч қандай жиноят иши ҳам очилмаган.
“Бош прокуратурада Мирзаев Абдукаримга нисбатан жиноят иши мавжуд эмас. Қидирув ҳам эълон қилинмаган”, деди Шамсутдинов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
ТИВ эса ҳозирда ишни ўрганаётганини ва тез орада расмий баёнот билдирилишини таъкидлаган.
Маълумот учун, Абдукарим Мирзаев журналист, кинорежиссёр ва блогер. У 2010 йилда Қирғизистонда юз берган воқеаларни ёритиб берган “Дардга даво истаб” фильми билан машҳур бўлган. У журналистик фаолияти давомида “Пойтахт”, “Замин” радиолари, “Ёшлар” телерадиоканалида ишлаган. Сўнгги вақтларда у YouTuebe`даги диний, фалсафий ва ижтимоий чиқишлари билан яхши танилганди.
LiveБарчаси