Нега Ўзбекистон тарафи Нодира Қодирова вафотини тафтиш қилмади? ТИВ вакили муносабат билдирди
Интервью
−
24 Сентябрь 2020
389192019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар меҳнат мигранти Нодира Қодирова Туркия пойтахти Анқар шаҳрида собиқ ҳарбий хизматчи – генарал, Туркия Буюк Миллат Мажлисига “Адолат ва тараққиёт” партиясидан сайланган депутат Ширин Уналнинг уйида ўлик ҳолда топилди. Қодирова нинг сирли ўлим топганига 1 йил тўлди. У худди шу куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида мамлакатнинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Буюк Миллат Мажлиси депутати Ширин Уналнинг уйида вафот этганди?
Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилдими ёки жиноят қурбони бўлди? У руҳий хастамиди ёки ўз жонига қасд қилишига ундаган бошқа муаммолар билан юзма юз келдими? Нега ушбу ҳолат билан боғлиқ суриштирувлар унинг ўлими қадар сирли ва парда ортида? Бир йилдирки, бу саволлар очиқ қолмоқда. Хўш, Ўзбекистон тарафи Нодира Қодированинг вафоти билан боғлиқ ҳақиқатни очиш учун нима қилди? QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Ташқи ишлар вазирлиги, консуллик ҳуқуқий департаменти бошқармаси бошлиғи Бурхон Алиқулов билан ўтказган суҳбатида ушбу саволни ўртага ташлади.
— Нодира Қодирова ўтган йили Анқарада депутатнинг уйида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирмади. Ўзбекистон тарафи унинг қандай вафот этганини текширмади. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Ўзбекистон тарафи бу воқеани текширмади, дейишингиз нотўғри таъриф. Сабаби бу жиноят бошқа давлат ҳудудида содир этилди. Бу ҳолат ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги ўз вақтида сайти орқали факт сифатида маълумот берди.
Чет эл ҳудудида содир этилган жиноят бўйича тергов ҳаракатлари, суд жараёнлари бевосита ўша мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари вафот этган фуқаромизнинг яқин қариндошлари илтимоси асосида Туркиянинг ваколатли идораларига мунтазам мурожаатлар юборди. Ўзбекистон томонидан қандайдир кўмак керак бўлса, бу бўйича мунтазам иш олиб борилган. Элчихонамиз Туркиянинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқалар ўрнатган. Бу масала ҳали якунига етгани йўқ. Иш якуни бўйича Туркия томонидан ҳам, Ўзбекистон томонидан ҳам очиқ маълумот берилади.
— Бу каби ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлигининг ўрни қандай?
— Чет элда содир бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича элчихонамиз сўров юбориши мумкин. Бу иш адолатли ва шаффоф олиб борилиши бўйича ўз сўровини киритади. Бу фуқароларимизнинг яқин қариндошларидан келган мурожаатлар ва Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатдаги элчихонаси шахсий ташаббуси билан ҳам назорат остига олинади.
Нодира Қодирова вафоти бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ўзбекистон шароитида ҳам тергов ёки суд жараёнига давлат ташкилотларининг аралашувига йўл қўйилмайди. Қонунан бунга тақиқ қўйилган. Бизнинг чет элдаги консуллик муассасаларимиз ва элчихоналаримиз жараён қандай кетаётганини мунтазам сўраб, ушбу масала бўйича ахборот олиб туради. Лекин жараёнда иштирок этиши, қонунан мумкин эмас. Бу миллий қонунчилигимизда ҳам, халқаро амалиётда ҳам мавжуд.
Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирмади, дейиш нотўғри фикр. Яна такрорлайманки, Туркиянинг ваколатли идоралари билан элчихонамиз ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари икки томонлама ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномалар доирасида муносабат ўрнатган. Биз томонимиздан қандай ёрдам керак бўлса, доим етказилган. Иш якунлангач, натижаси омммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши кўзда тутилган.
Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи Бурхон Алиқулов билан видеоинтервьюни тўлиқ шаклда QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси