Нодира Қодированинг ўлими бўйича очилган иш аллақачон ёпилгани айтилди

Олам

image
Мигрантнинг аянчли қисмати: Нодира Қодированинг сирли ўлимига бир йил тўлди north_east

Мигрантнинг аянчли қисмати: Нодира Қодированинг сирли ўлимига бир йил тўлди

Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилган ва ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилаётган барча ишлар тугатилган. Бу ҳақда Қодирова вафот этган уйнинг соҳиби – Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ)нинг “Адолат ва тараққиёт” партиясидан депутати Ширин Унал ТБММнинг 2021 йил учун давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлаш юзасидан ўтказилган йиғилишида сўз очди. 

Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова ТБММнинг “Адолат ва тараққиёт” партиясидан истанбуллик депутати Ширин Уналнинг пойтахт Анқарадаги уйида ўлик ҳолда топилди. Гарчи унинг ўлими юзасидан шу куннинг ўзидаёқ мамлакат прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган бўлса-да, бугунгача ўтказилган ҳуқуқий ўрганишлар натижаси ҳақида маълумот берилмай келинаётганди. ТБММ йиғилишида Ширин Унал тергов натижаларини ўртага ташлади. 

Йиғилишда сўзга чиққан мухолиф Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) вакили Энгин Алтай аёллар ва болаларга нисбатан тажовуз ҳолатлари ҳақида гапирди. Залда шовқин кўтарилди ва Халқлар демократик партияси вакили “Нодира Қодировага нима бўлди?”, дея овозини баланд кўтарди. Бунга жавобан сўзга чиққан Ширин Унал Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ очиқ қолаётган саволларга жавоб қайтарди. 

“ХДПлик аёл депутатлардан бири уйимизда ўз жонига қасд қилган аёл билан боғлиқ ҳолда бир неча бор “нима бўлди?”, деб бақирди. У оиламга дахл қилмоқда”, дейди Ширин Унал. 

Депутат сўзида давом этаркан, вазиятга аниқлик киритиш олдидан марҳума Нодира Қодированинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор ҳамдардлик билдирди. 

“Афсуски, айрим депутатлар бюджетни белгилаш жараёнида бизнинг уйимизда хизматчи аёлнинг ўзи жонига қасд қилишидан фойдаланишга давом этишмоқда. Бироз аввал мен ҳолат бўйича парламент маъмуриятига маълумот берган эдим. Ўз жонига қасд қилган аёлга Аллоҳдан раҳмат, оиласига эса сабр тилайман. 

Ушбу воқеа рўй берган илк дақиқалардан бошлаб, дахлсизлик ҳуқуқларимни четга сурган ҳолда, ҳуқуқ-тартибот органларига, жумладан Бош прокуратурага барча маълумотлар қа ҳужжатларни тақдим этдим. Республика Бош прокуратурасининг 2020 йил 3 мартдаги 2020/27675-сонли қарорида ушбу ҳолат ўз жонига қасд қилиш экани ва жиноий иш очиш учун асос йўқлиги айтилган эди. Ушбу қарорга эътироз билдирилгач, 2020 йилнинг 5 май куни Анқара 2-жиноий сулҳ суди протестни рад этиш бўйича қарор қабул қилди ва суд жараёни якунланди. 

Бугун эса барча ҳуқуқий жараёнлар тамомланганига қарамай, ХДПдан бўлган аёл депутатлар мени нишонга олиб, қотил дейишда давом этмоқдалар. Мен ҳам бу хунук таърифни ўзингизга қайтараман. Сизни судларимизнинг турк халқи номидан қабул қиладиган қарорларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақираман”, дейди Унал. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқларда Нодира Қодирова вафот этган хонанинг видеолари тарқалган эди. Видеода хонада буюмларнинг ерда ётгани ва қон изларини кўриш мумкин. Ширин Уналга кўра, Қодирова ўз жонига қасд қилган. Қодированинг яқинлари, хусусан, акаси Муҳаммадали Қодировнинг баён қилишича, Нодира Қодирова қотиллик қурбони бўлган. Нодира Қодированинг танасидан эса Ширин Уналга тегишли бўлган тўппончадан отилган ўқ топилган


Мақола муаллифи

Теглар

Нодира Қодирова

Баҳолаганлар

305

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made