Нодира Қодирова масаласида Ўзбекистон томони тилга кирди
Олам
−
04 Январь 2021
59046Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодирова Туркия Буюк Миллат Мажлисининг “Адолат ва тараққиёт” партиясидан истанбуллик депутати Ширин Уналнинг пойтахт Анқарадаги уйида ўлик ҳолда топилди. Орадан бир йил ўтиб, унинг ўлими бўйича очилган жиноят иши аллақачон ёпилгани маълум бўлди.
QALAMPIR.UZ бу масалани кузатиб келяпти. Қодированинг ўлими юзасидан Ўзбекистон томони қандай чоралар кўргани ҳақида турли даражадаги масъуллардан ҳам изоҳ олдик.
Ўтган йилнинг, 24-26 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, БМТнинг Миграция бўйича халқаро ташкилоти (МХТ) билан ҳамкорликда ўтказилган ОAВ ва блогерлар учун одам савдоси, мажбурий меҳнат ва гендер тенглиги масалаларида мувофиқлаштирилган форумида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг Ватанга қайтишидаги муаммолар ва берилаётган имкониятлар ҳақида сўз борди.
Гап мигрантлар ҳақида бораркан, Ўзбекистон томони миқ этмай турган Нодира Қодирова ўлими билан боғлиқ масала ёдга келади. QALAMPIR.UZ мухбири Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллаевга Нодира Қодирова масаласида қандай суриштирувлар ўтказилди, деган савол билан юзланди.
“Фуқаро қаерда бўлишидан қатъи назар унинг ўлими – фожиа. Нодира Қодированинг ўлимидан кейин ҳам деярли бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу ҳақда ОAВ кенг ёритди. Октябрь ойида Туркиянинг инсон ҳуқуқлари институти вакиллари билан йиғилиш ўтказилди ва ушбу йиғилишда Қодирова масаласини уларга эслатдик. Бундан ташқари, декабрь ойида ҳам Туркия давлати Омбудсмани билан тадбир бўлиб ўтди. Туркиянинг бош Омбудсманига бу ҳақда айтганимизда, Туркия қонунчилигига асосан суд бу масалани мустақил ҳал қилишини, суднинг якуний қарорларига омбудсман аралаша олмаслигини айтди”, дейди Мирзатилло Тиллаев
Тиллаев ҳозирги кунда Ўзбекистон томонидан мигрантларни Ватанга олиб келиш, улар билан боғлиқ барча масалаларни назоратга олганини таъкидлар экан, бир савол пайдо бўлади: Ўзбекистон фуқароси бошқа давлатда ўлик ҳолда топилса, Туркиядаги маҳаллий матбуот буни кенг ёритса, Туркия омбудсмани суд ишига аралашолмаслигини айтса, наҳотки, Ўзбекистон томони ўз фуқаросини ҳимоя қилиш учун қайта ва қайта сўров юбориши ёки ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон томонидан биргина вакил қатнашиб, уни назоратга олиши мумкин эмас?
“Суд мажлисида қатнашиш баъзида очиқ, айрим ҳолларда ёпиқ тартибда бўлади. Ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидалари бор. Масалан Ўзбекистонда аксар ишлар очиқ тартибда кўриб чиқилади. Лекин айрим ишлар борки, ёпиқ тартибда бўлади ва суд мажлисида қатнашиш судьяга боғлиқ. Биздаги каби амалиётлар хорижий давлатларда ҳам бор: қайта-қайта мурожаат қилиш, сўров юбориш. Лекин мен айтиб ўтганимдек, бизнинг асосий вазифамиз халқаро мажбуриятларни бажариш. Бизга мурожаатлар келса, уларга ҳуқуқий ёрдам берамиз”, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори биринчи ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқларда Нодира Қодирова вафот этган хонанинг видеолари тарқалган эди. Видеода хонада буюмларнинг ерда ётгани ва қон изларини кўриш мумкин. Ширин Уналга кўра, Қодирова ўз жонига қасд қилган. Қодированинг яқинлари, хусусан, акаси Муҳаммадали Қодировнинг баён қилишича, Нодира Қодирова қотиллик қурбони бўлган. Нодира Қодированинг танасидан эса Ширин Уналга тегишли бўлган тўппончадан отилган ўқ топилган.
LiveБарчаси