Депутатнинг уйида ишлаётган ўзбекистонлик ўз жонига қасд қилди. Суиқасд ОАВдан яшириляпти
Олам
−
25 Сентябрь 2019
38825Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси депутати, нафақадаги генерал Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаётган 23 яшар ўзбекистонлик Нодира Қодирова генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйди. У Истанбулдаги Билкент шифохонасида вафот этди.
Қодирова бир кун аввал дугонаси Лейлага “Жуда ёмон ишлар бўляпти. Мен акамнинг юзига қандай қарайман. Ўлишни истайман”, деган.
Ширин Уналнинг уйида икки ўзбек аёли оқсоч бўлиб ишлаган. Нодира асосан генаралнинг доимий эътиборга муҳтож рафиқасига ёрдамчи бўлган.
Айни вақтда Нодира Қодированинг вафоти ҳақида расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари сукут сақлаётган бир вақтда, унинг акаси Муҳаммадали Қодиров ОАВга мурожаат қилди.
“Синглимнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келадиган ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Яқин кунларда университетга кириш имтиҳонлари учун тайёргарликни бошламоқчи эди. Билишимча, Нодира соат 08:48да депутат Уналга тегишли тўппончадан юрагига ўқ узган. Билкент шифохонасига жойлаштирилган синглимга шикофорлар ёрдам қила олишмади. Маълум қилишларича, соат 09:50 да синглимнинг жони узилибди”, дейди марҳуманинг акаси.
23 яшар Нодира Қодированинг акаси ўз сўзида давом этаркан, суд-тиббий экспертизаси шубҳали равишда жуда тез амалга оширилгани, хулосани аллақачон беришганини айтади:
“Синглим 4 йилдан буён Туркияда яшаётган эди. Ҳеч қандай муаммоси йўқ эди. Унинг ўз жонига қасд қилиши бизни ҳайратда қолдирди. Суд-тиббий экспертизаси депутатнинг аралашуви билан жуда тез тамомланди”.
Қодировнинг маълум қилишича, Нодира Қодированинг жасади бугун, 25 сентябрь куни соат 22:00 даги рейс билан Ўзбекистонга олиб келинади.
Муҳаммадали Қодиров суиқасд бўйича ОАВга берган маълумотида, суд-тиббий экспертиза жуда тез ўтказилгани ва бу юзасидан етарли гумонлари борлигини маълум қилган. Унинг қайд этишича, Қодированинг оила аъзоларига унинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот берилмаган.
ОАВнинг текширувига қараганда, Нодира Қодирова ўз жонига қасд қилган вақтда депутат Ширин Унал ўз уйида бўлган. Бироқ, у бўлиб ўтган воқеалар хусусида ОАВнинг саволларига жавоб беришни истамаяпти.
LiveБарчаси