Туркиянинг ҳибсга олинган собиқ вазири уй қамоғига чиқарилди

Олам

−

visibility429 timer2 дақиқа

image

Фонд иши бўйича тергов доирасида жорий йилнинг 5 ноябрь куни қамоққа олинган Туркиянинг собиқ оила ва ижтимоий сиёсат вазири, “Адолат ва тараққиёт партияси” (АТП) собиқ раис ўринбосари Фатма Бетул Саян Кая уй қамоғи шарти билан озод этилди. Бу ҳақда “Ensonhaber” хабар берди.

Собиқ вазир “Капитал бозори тўғрисида”ги қонунни бузиш ҳамда жиноят содир этиш мақсадида тузилган ташкилотга аъзо бўлишда гумонланиб, “Силиври” қамоқхонасида сақланаётган эди.

Фатма Бетул Саян Кая, унинг турмуш ўртоғи Илёс Кая ва “Капитал бозорлари” кенгашининг собиқ раиси Иброҳим Ўмер Гўнул бир неча кун аввал иккинчи бор гумонланувчи сифатида кўрсатма бериш учун “Чаглаян” суд биносига борган. Кая тергов доирасида жорий йилнинг 7 октябрь куни ҳам кўрсатма берган. Бу сафар у суд биносига журналистлар тасвирга олиши мумкин бўлган тарзда кирган. 

Тўққиз соат давом этган сўроқдан сўнг қамоққа олиш талаби билан судга юборилган собиқ вазир “Капитал бозори тўғрисида”ги қонунни бузиш ҳамда жиноят содир этиш мақсадида тузилган ташкилотга аъзо бўлиш айбловлари билан 5 ноябрь куни ҳибсга олинган эди. Орадан 19 кун ўтиб, бугун, 24 ноябрь куни унга нисбатан уй қамоғи шаклидаги суд назорати чораси қўлланилиши белгиланди.

Маълумот учун, Фатма Бетул Саян Кая ва унинг турмуш ўртоғи Илёс Кая “Ўзата” денгизчилик компанияси акциялари билан амалга оширган операциялари сабабли тергов қилинмоқда. Маълум бўлишича, жуфтлик қарийб 163 миллион лиралик акция сотиб олган ва бир неча ой ўтиб уларни тахминан 2 миллиард 170 миллион лирага сотган.

Тергов доирасида Кая жуфтлиги акциялар савдосидан олган фойдасининг қарийб 1 миллиард 860 миллион лираcини Омонатларни суғурталаш жамғармаси (ОСЖ) ҳузуридаги ихтиёрий қайтариш ҳисобига ўтказгани аниқланган. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг