Макрон Россия ва Украинадан МАГАТЭ миссияси учун кафолат олганини айтди

Олам

image

Франция Россия ва Украинадан МАГАТЭ экспертларининг Запорожье АЭСга бўлажак миссияси учун хавфсизлик кафолатларини олди. Бу ҳақда бугун, 26 август куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Жазоирга ташрифи чоғида журналистлар саволларига жавоб бериш асносида, маълум қилди.

“Биз Украина ва Россиядан станцияни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган яқинлашиб келаётган мустақил миссия учун хавфсизлик кафолатларини олдик”, дейди Макрон. 

Президент “атом электр станцияси хавфсизлигидан жиддий ташвишланаётганини” тан олган ва “март ойидан бери у МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси билан хавфсизлик масалалари бўйича аввал Чернобиль, кейин эса Запороже АЭС бўйича алоқада эканини айтган.

Макрон, шунингдек, “бу масала бўйича Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан кўп мулоқотда бўлганини” таъкидлаган.

“Ҳарбий ҳаракатлар атом электр станцияси хавфсизлигига дахл қилмаслиги керак. Фуқаролик энергетикаси ҳарбий қуролга айланмаслиги керак”, дейди Франция Президенти.

Унинг сўзларига кўра, “станция тўлиқ ҳимояланган бўлиши керак ва бу яқин орада ҳудудга борадиган МАГАТЭ экспертлари миссиясининг вазифасидир”.

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Украина Энергетика вазирининг маслаҳатчиси Лана Зеркалнинг маълум қилишича, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) миссияси келаси ҳафта Запорожье АЭСга боради.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг