Махсус хизматлар 3 кунда Украинадан кетишни маслаҳат берди – Зеленский 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг Украинага ҳужуми фонида махсус хизматлар ва хорижий ҳамкорларнинг мамлакатни тарк этиш бўйича тавсияларига қулоқ солмаган ҳолда Киевда қолишга қарор қилган. Бу ҳақда унинг ўзи Чехия телевидениесига берган интервьюсида маълум қилган.

“Ҳамма менга [24 февраль куни] зудлик билан кетишим кераклигини айтди. Ҳамма — бизнинг [Украина] махсус хизматларимиз ва ҳамкорларимиз, улар орқали биз бошқа давлатлардан сигнал олдик. Улар Украинани уч кун ичида тарк этишимни тавсия қилди. Ҳар 20 дақиқада кимдир менга қўнғироқ қилиб, кетишим кераклигини айтди”, дейди Зеленский. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳар қандай шароитда ҳам Киевда қолиш қарори 24 февралгача қабул қилиб бўлинган. Кейин у ҳақиқатан ҳам Украина пойтахтида эканлигини тасдиқловчи видео маълумотни тарқатиш ғояси пайдо бўлган. 

“Қаёққадир кетганлигим ҳақида тинимсиз гапиришаётгани мени аллақачон безовта қилганди. Бу ёқимсиз эди ва агар биз фақат шу [Президент идораси] идорада бўлсак, ҳеч ким [Киевда эканлигимизга] ишонмаслигини айтдим. Биз ташқарига чиқишимиз ва бизни кўпроқ одамлар кўриши керак эди”, деган Зеленский. 

Аввалроқ, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Зеленскийга бошпана таклиф қилганини очиқлаганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг