Лондон Киевга яна $525 млн қарз бермоқчи
Олам
−
26 Июнь 2022
4509Буюк Британия Жаҳон банки орқали Украинага 429 миллион фунт стерлинг (525 миллион доллар) миқдорида қўшимча кредит кафолатларини беришга тайёр. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг идораси тарқатган баёнотда айтилади.
"Украина ҳукумати зудлик билан молиявий ёрдам берилмаса, кузгача молиявий ресурслари тугаб қолишидан қўрқади. Босимларга дош бериш учун Буюк Британия Жаҳон банки орқали яна 525 миллион доллар кафолат беришга тайёр", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Буюк Британия Украинага жами 1,5 миллиард фунт стерлинг (1,8 миллиард доллар) иқтисодий ва гуманитар ёрдам, жумладан Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки орқали 1,3 миллиард фунт стерлинг (1,5 миллиард доллар) миқдоридаги кредитлар ажратган. Бундан ташқари, Лондон Киев расмийларига 1,3 миллиард фунт стерлинг (1,5 миллиард доллар) миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган.
Жонсон идорасининг G7 саммити арафасида эълон қилинган баёнотида таъкидланишича, "Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида Ғарбнинг чарчаганлиги ёки қарорсизлиги ҳақидаги ҳар қандай сигнал мамлакат Россия қўлига ўтишига олиб келади".
26-28 июнь кунлари Германия жанубидаги Гармиш-Партенкирхен (Бавария федерал штати) яқинидаги Элмау қасрида бўлиб ўтадиган G7 етакчиларининг учрашувида Британия бош вазири Ғарб иттифоқчиларини Россияга босим ўтказишга чорламоқчи.
Аввалроқ, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳукумат аъзолари катта иқтисодий харажатлар туфайли Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қарор қилсалар, истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь