Жонсон Украина сабаб лавозимидан ажраб қолиши мумкинлигини айтди
Олам
−
25 Июнь 2022
12991Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳукумат аъзолари катта иқтисодий харажатлар туфайли Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қарор қилсалар, истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у BBC'га берган интервьюсида айтди.
“Агар мен [вазият] ўта мураккаблашгани ва украиналикларни эркинлик учун қаҳрамонона курашида қўллаб-қувватлаш нархи инфляция ва [Британия] иқтисодиётига зарар нуқтаи назаридан жуда юқори бўлгани учун Украинадан воз кечиш танлови қаршисида қолсам, бу баҳсда ён бериб, кетган бўлардим”, деган Жонсон.
Аввалроқ, июнь ойи бошида Британия аҳолисининг ярмидан кўпи Бош вазир Борис Жонсоннинг истеъфосини сўраган эди. Opinium ўтказган сўровда эса 59 фоиз респондент Консерваторлар партиясидан бўлган депутатлар Жонсоннинг истеъфоси учун овоз бериши керак, деб ҳисоблаши маълум бўлган.
Шунингдек, бир қатор Британия оммавий ахборот воситаларида Жонсоннинг COVID-19 пандемияси туфайли карантин жорий қилинган вақтда базмлар ўтказгани тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганидан кейин уни истеъфога чиқишига чақириқлар қайта-қайта янгради.
Сиёсатчи карантин чораларини бузганликда айбланиб, унга нисбатан тергов бошланди. Жонсон қонунни бузганликда айбдор деб топилган бўлса-да, у фақат жарима тўлаш билан чекланиб, истеъфога чиқмади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь