Лавровнинг ўгай қизидан тортиб “Сбербанк” раҳбаригача... Британия Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди
Олам
−
24 Март 2022
7686Буюк Британия ҳукумати Россиянинг бир қанча банклари, компаниялари ва мудофаа сектори корхоналарини “қора рўйхат”га киритди. Бугун, 24 март куни янгиланган санкциялар рўйхатида қайд этилишича, жами 59 нафар жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чеклов чоралари қўлланилган.
Қайд этилишича, “Сбербанк” раҳбари Герман Греф, банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Александр Ведяхин ва бошқарув раисининг собиқ биринчи ўринбосари Лев Хасис, тадбиркорлар Олег Тиньков ва
Евгений Швидлер, РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг кенжа ўғли Андрей “қора рўйхат”га киритилган.
Шунингдек, “Газпром” бошқаруви раиси ўринбосари Олег Аксютин, “Роснефть” компанияси биринчи вице-президенти бельгиялик Дидье Касимиро, “Роснефть”нинг офшор лойиҳалари бўйича вице-президенти хорватиялик Желько Рунье ва “Роснефть” раҳбари Игорь Сечиннинг ўғли Иван Сечинга нисбатан санкциялар жорий этилган.
Чекловлар Бош вазир ўринбосари – Россия Федерацияси Президентининг Узоқ Шарқ федерал округидаги ваколатли вакили Юрий Трутнев, Шимолий-Ғарбий, Ураль, Волга ва Сибир федерал округларидаги ваколатли вакиллар Александр Гуцан, Владимир Якушев, Игорь Комаров ва Анатолий Серишев, шунингдек, Мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Булгаковга тегишли.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ўгай қизи деб аталадиган Полина Ковалева ва Мелитополь (Украина) мэри вазифасини бажарувчи Галина Данильченко ҳам санкциялар остида қолган. Таъкидланишича, бу шахсларнинг Буюк Британияга кириши тақиқланади ва активлари, агар топилса, музлатилади.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс жорий қилинган санкцияларни шарҳлар экан, Лондон Россияга қарши янги санкциялар ишлаб чиқишни тўхтатиш ниятида эмаслигини таъкидлаган.
Умуман олганда, жорий йилнинг 24 февралидан бошлаб, бугун эълон қилинган қарорларни ҳисобга олган ҳолда, Буюк Британия мингдан ортиқ россиялик сиёсатчилар, бизнесменлар, амалдорлар, журналистлар ва корхоналарга нисбатан санкциялар киритди. Бундан ташқари, Россия Федерацияси Марказий банки ва Россиянинг бир қатор банкларига қарши санкциялар жорий этилди, бир қатор саноат тармоқларида товарларни экспорт қилиш тақиқланди, Британия осмони Россия самолётлари учун ёпилди, Россия кемаларининг Британия портларига кириши тақиқланди ва кўплаб хусусий компаниялар Россиядаги фаолиятини тўхтатиб туришга ёки Россия лойиҳаларидан бутунлай воз кечишга ва уларга сармоя киритишдан бош тортишга қарор қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси