“Мен фақат ўзимга жавоб бераман”. Фаррух Зокиров Фадеевнинг айбловларини рад этди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон халқ артисти – “Ялла” гуруҳи раҳбари Фаррух Зокиров россиялик қўшиқчи ва продюсер Максим Фадеевнинг жияни Наргиз Зокировани ҳимоя қилаётгани ҳақидаги айбловларини рад этади. Бу ҳақда хонанданинг маъмури QALAMPIR.UZ'га маълум қилди. 

Гап шундаки, аввалроқ Украина Қуролли кучларини қўллашини тан олган Наргиз Зокированинг собиқ продюсери Максим Фадеев хонанданинг ушбу ҳаракатларини қоралаган ва унинг тоғаси Фаррух Зокировни жиянини амалий қўллаб келаётганликда, унинг хатоларини хаспўшлашга уринишда айблаганди. Фадеевнинг фикрича, Зокированинг ҳаракатлари экстремизмдан бошқа нарса эмас. 

Фаррух Зокиров эса Фадеевнинг ушбу айбловларини рад этди. Унинг сўзларига кўра, хонанда фақат ўзи учун жавобгар ва жиянининг ҳаракатларига таъсир ўтказа олмайди.

“Шуни айтишим мумкинки, қариндошларимнинг сўзлари ва ҳаракатларига таъсир қила олмайман. “Кимнингдир ортида турибди”, "ҳаракатларини ҳимоя қилади" деган назариялар мутлақ ёлғон. Агар аввалги лавозимимни (Маданият вазири) шу воқеага боғламоқчи бўлсалар, мен бу лавозимдан салкам 20 йил аввал кетганман. Фақат “Ялла” ансамбли ижоди билан шуғулланаман – буни ҳам ҳамма кўриб турибди. Мен фақат ўзим учун жавобгар бўлишим мумкин”, дейди қўшиқчи.

Шунингдек, хонанда Россия ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги тарафдори эканини қўшимча қилди. Зокировнинг сўзларига кўра, у Россия жамоатчилигини яхши кўради ва бундан фахрланади.

“Россиядаги гастролим ҳақида: мен халқларимиз дўстлиги тарафдориман. Россиядаги концертларимни ҳеч қачон яширмаганман, томошабинларим билан фахрланаман ва уларни яхши кўраман. Ушбу мавзу бўйича бошқа изоҳ бўлмайди ва тушунишингизга умид қиламан”, дея қўшимча қилди “Ялла” ансамбли раҳбари.

Маълумот учун, Фаррух Зокиров 1946 йилнинг 16 апрель куни таниқли санъаткор Карим Зокиров оиласида дунёда келган. У 2002-2004 йилларда Маданият вазири ўринбосари, сўнг Маданият вазири лавозимларида ишлаган. У 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 1993 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 1995 йилда Қозоғистон халқ артисти, 1996 йилда Қирғизистон халқ артисти, Ўзбекистоннинг "Шуҳрат" медали, 2000 йилда Тожикистон халқ артисти, Ингушетия халқ артисти, 2017 йилда Қирғизистоннинг "Дўстлик" ордени, 2018 йилда  Ўзбекистоннинг "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотланган. Жорий йил 28 октябрь куни эса Татаристон раиси Рустам Миннихонов Фаррух Зокировга Татаристон Республикаси халқ артисти фахрий унвонининг кўкрак нишонини топширди.

Эслатиб ўтамиз, кеча,  29 ноябрь куни Наргиз Зокировага пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) қўнғироқ қилиб, ўзларини Украинанинг собиқ маданият вазири Александр Ткаченко деб таништирган. Телефон суҳбатида эса Зокирова Украина Қуролли кучларини қўллашини тан олган ва Донецкни бомбардимон қилишда ишлатиладиган ракеталарга ўз исмини ёзишларини сўраган. Шундан сўнг, унинг собиқ продюсери Максим Фадеев хонандани қоралади. Унинг тоғаси – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировни жиянини амалий қўллаб келаётганликда айблади. 

Маълумот ўрнида, Наргиз Зокирова Ўзбекистонда таниқли мусиқачилар оиласида туғилган. Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров ва Жамшид Зокиров унинг тоғалари.

1995 йилда эса Наргиз Зокирова ота-онаси билан биргаликда АҚШга кўчиб кетган. 2013 йилда у Россиянинг “Овоз” (“Голос”) телевизион лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллаган.

2022 йилнинг 24 май куни Тошкентдан Москвага борган хонанда Наргиз Зокирова Домодедово аэропортида қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати қабул қилган қарорга кўра, хонанда Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг, Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 50 йилга – 2072 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаррух Зокиров Максим Фадеев Наргиз Зокирова Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made