Максим Фадеев Фаррух Зокировни айблаб, ФХХга мурожаат қилди
Маданият-санъат
−
30 Ноябрь 2023
24994Кўп йиллар Россияда истиқомат қилган асли ўзбекистонлик хонанда Наргиз Зокирова Украина Қуролли кучларини қўллашини тан олгандан сўнг унинг собиқ продюсери Максим Фадеев хонандани қоралади. Унинг тоғаси – Ўзбекистон халқ артисти Фарух Зокировни жиянини амалий қўллаб келаётганликда айблади. Фадеев бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган.
Гап шундаки, кеча, 29 ноябрь куни Наргиз Зокировага пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) қўнғироқ қилиб, ўзларини Украинанинг собиқ маданият вазири Александр Ткаченко деб таништирган. Телефон суҳбатида эса Зокирова Украина Қуролли кучларини қўллашини тан олган ва Донецкни бомбардимон қилишда ишлатиладиган ракеталарга ўз исмини ёзишларини сўраган.
“У мен билан бўлган муносабатларида бу қизил чизиқни анча олдин босиб ўтганди. Аммо бу сафар ҳолат жуда жиддий. Мен буни экстремизм ва оммавий қотилликка чақириш, деб биламан. Буларнинг барчаси жамоатчилик олдида содир бўляпти”, деб ёзди Фадеев.
Продюсер сўзида давом этаркан, Наргиз Зокированинг хатти-ҳаракатлари, Россияга нисбатан қаршилиги ва Украинага хайрихоҳлиги ортида унинг тоғаси – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров турганини ёзган.
“Дастурни томоша қилиб, мен ҳам сиз каби буларнинг барчаси ортида унинг амакиси Фаррух Зокиров турганини тушундим”, дейди у.
Бундан ташқари, Фадеевнинг билдиришича, Наргиз суҳбатда турмуш ўртоғи Ўзбекистон фуқаролигини олганидан сўнг Россия паспортини ёқиб юбориш нияти борлигини билдирган ва Россия фуқаролари ҳамда мамлакат раҳбариятини ҳақорат қилган. Фадеев эса буларнинг ортида унинг тоғаси турганини айтмоқда.
“Мен омма олдида кўтармоқчи бўлган бир масала бор: бу жиянининг тартибсизликларини хаспўшлаётган Фаррух Зокиров мавзуси. У фаол равишда Россия Федерацияси бўйлаб гастролларда бўлиб, шу ерда пул ишлаб юрибди”, дейди Фадеев.
У ўз муносабатида Россия Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизматига мурожаат қилиб, Фаррух Зокировнинг Россия ҳудудидаги концертларига эътибор қаратишни сўраган
Маълумот ўрнида, Наргиз Зокирова Ўзбекистонда таниқли мусиқачилар оиласида туғилган. Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров ва Жамшид Зокиров унинг тоғалари.
1995 йилда эса Наргиз Зокирова ота-онаси билан биргаликда АҚШга кўчиб кетган. 2013 йилда у Россиянинг “Овоз” (“Голос”) телевизион лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллаган.
2022 йилнинг 24 май куни Тошкентдан Москвага борган хонанда Наргиз Зокирова Домодедово аэропортида қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати қабул қилган қарорга кўра, хонанда Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг, Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 50 йилга – 2072 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.