Наргиз Зокирова Украина Қуролли кучларини қўллаётганини тан олди
Маданият-санъат
−
30 Ноябрь 2023
18126Кўп йиллар Россияда истиқомат қилган асли ўзбекистонлик хонанда Наргиз Зокирова Россияда яна кун тартибида турибди. Гап шундаки, кеча, 29 ноябрь куни пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) хонандага Украинанинг собиқ маданият вазири Александр Ткаченко номидан қўнғироқ қилди.
Наргиз Зокирова суҳбатда Украина Қуролли кучларига ҳомийлик қилганини ва Россия паспортини ёқишга тайёрлигини тан олган.
“Мен уруш бошланган биринчи кундан Украинани қўллаб келяпман ва нима бўлишидан қатъи назар, уни охиригача қўллашда давом этаман. Бу менинг шахсий урушим”, дейди у.
Шунингдек, хонанда Қрим ҳақидаги фильм учун ижро этган саундтреки ва ўзининг собиқ продюсери билан узилган алоқалари ҳақида гапирди.
“Қрим фильмининг саундтрекига қўйилган қўшиқ бутунлай буюртма эди. У меники эмас, музокаралар тўғридан-тўғри Максим Фадеев билан бўлиб ўтган. Ҳозир эса биз у билан муносабатларни абадий узганмиз. Бунга бизда шахсий сабаблар бор. Энди эса у Россияни жуда фаол қўллаб-қувватламоқда”, дейди Наргиз.
У Максим Фадеев билан ишлаганда бошидан кечирган азоб-уқубатларига ҳам тўхталган, хонанданинг сўзларига кўра, продюсер ҳали ҳам бутун дунё бўйлаб унга нисбатан интригалар режалаштирмоқда.
Суҳбат давомида Ўзбекистон у учун хавфли ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, хонанда ўзи туғилган ватанда Украина масаласига ёндашувда босим борлигини ва одамлар фикр билдиришга қўрқишини айтган.
“Ўзбекистонда блогерлар аввалига Украинани қўллаганди. Аммо босим бўлгандан кейин нейтрал бўлиб олишди. Ўзбекистондаги одамлар ҳамма нарсадан қўрқишади. Ўз фикрларини билдиришдан қўрқишади”, дейди Наргиз.
Шунингдек, у, ўзини АҚШ ватанпарвари эканини ҳам урғулаган.
“Мен АҚШдан келганман, мен бу мамлакатнинг буюк ватанпарвариман. Агар иложи бўлса, Зеленскийга буюк севгимни етказинг. Бу одам мени ҳайратлантиради, унинг ҳар бир чиқишини кузатаман”, деган хонанда.
Маълумот ўрнида, Наргиз Зокирова Ўзбекистонда таниқли мусиқачилар оиласида туғилган. Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров ва Жамшид Зокиров унинг тоғалари.
1995 йилда эса Наргиз Зокирова ота-онаси билан биргаликда АҚШга кўчиб кетган. 2013 йилда у Россиянинг “Овоз” (“Голос”) телевизион лойиҳасида иккинчи ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 24 май куни Тошкентдан Москвага борган хонанда Наргиз Зокирова Домодедово аэропортида қўлга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати қабул қилган қарорга кўра, хонанда Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг, Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 50 йилга – 2072 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь