“Мен жияним учун жавоб бермайман”. Зокировлар яна эътибор марказида
Жамият
−
01 Декабрь 2023
31575Тоға жияни учун жавоб берадими? Зокировлар оиласи яна эътибор марказида. Кўп йиллар Россияда истиқомат қилган асли ўзбекистонлик хонанда Наргиз Зокирова яна бир машмашага сабаб бўлди.
Кўп йиллар Россияда истиқомат қилган асли ўзбекистонлик хонанда Наргиз Зокирова Россияда яна кун тартибида турибди. Гап шундаки, 29 ноябрь куни пранкерлар Вован (Владимир Кузнецов) ва Лексус (Алексей Столяров) хонандага Украинанинг собиқ маданият вазири Александр Ткаченко номидан қўнғироқ қилди.
Наргиз Зокирова суҳбатда Украина Қуролли Кучларига ҳомийлик қилганини ва Россия паспортини ёқишга тайёрлигини тан олган.
“Мен уруш бошланган биринчи кундан Украинани қўллаб келяпман ва нима бўлишидан қатъи назар, уни охиригача қўллашда давом этаман. Бу менинг шахсий урушим”, дейди у.
Шунингдек, хонанда Қрим ҳақидаги фильм учун ижро этган саундтреки ва ўзининг собиқ продюсери билан узилган алоқалари ҳақида гапирди.
“Қрим фильмининг саундтрекига қўйилган қўшиқ бутунлай буюртма эди. У меники эмас, музокаралар тўғридан тўғри Максим Фадеев билан бўлиб ўтган. Ҳозир эса биз у билан муносабатларни абадий узганмиз. Бунга бизда шахсий сабаблар бор. Энди эса у Россияни жуда фаол қўллаб-қувватламоқда”, дейди Наргиз.
У Максим Фадеев билан ишлаганда бошидан кечирган азоб-уқубатларига ҳам тўхталган, хонанданинг сўзларига кўра, продюсер ҳали ҳам бутун дунё бўйлаб унга нисбатан интригалар режалаштирмоқда.
Ҳеч кимга сир эмаски, Наргиз Зокирова Ўзбекистонда туғилган ва ҳозир ҳам бу ерга тез-тез келиб туради. Унинг оила аъзолари ҳам шу ерда. Суҳбат давомида Ўзбекистон у учун хавфли ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, хонанда бу ерда Украина масаласига ёндашувда босим борлигини ва одамлар фикр билдиришга қўрқишини айтган.
“Ўзбекистонда блогерлар аввалига Украинани қўллаганди. Аммо босим бўлгандан кейин нейтрал бўлиб олишди. Ўзбекистондаги одамлар ҳамма нарсадан қўрқишади. Ўз фикрларини билдиришдан қўрқишади”, дейди Наргиз.
Хонанда Ўзбекистонда туғилди, Россияда бир муддат яшади, аммо Россия ҳақида кескин фикрлар билдиргани учун 50 йилга – 2072 йилгача Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, ҳозирда эса хонанда Америкада яшайди. У бу ҳақда ҳам тўхталиб, ўзининг АҚШ ватанпарвари эканини урғулаган.
“Мен АҚШдан келганман, мен бу мамлакатнинг буюк ватанпарвариман. Агар иложи бўлса, Зеленскийга буюк севгимни етказинг. Бу одам мени ҳайратлантиради, унинг ҳар бир чиқишини кузатаман”, деган хонанда.
Ушбу суҳбатдан сўнг шу куннинг ўзидаёқ унинг собиқ продюсери Максим Фадеев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Наргиз Зокировага қарши ўзининг муносабатини билдирди. Бунда у хонандани кескин қоралади ва унинг тоғаси – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировни жиянини амалий қўллаб келаётганликда айблади.
“У мен билан бўлган муносабатларида бу қизил чизиқни анча олдин босиб ўтганди. Аммо бу сафар ҳолат жуда жиддий. Мен буни экстремизм ва оммавий қотилликка чақириш, деб биламан. Буларнинг барчаси жамоатчилик олдида содир бўляпти”, деб ёзди Фадеев.
Продюсер сўзида давом этаркан, Наргиз Зокированинг хатти-ҳаракатлари, Россияга нисбатан қаршилиги ва Украинага хайрихоҳлиги ортида унинг тоғаси – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров турганини ёзган.
“Дастурни томоша қилиб, мен ҳам сиз каби буларнинг барчаси ортида унинг тоғаси Фаррух Зокиров турганини тушундим”, дейди у.
Бундан ташқари, Фадеевнинг билдиришича, Наргиз суҳбатда турмуш ўртоғи Ўзбекистон фуқаролигини олганидан сўнг Россия паспортини ёқиб юбориш нияти борлигини билдирган ва Россия фуқаролари ҳамда мамлакат раҳбариятини ҳақорат қилган. Фадеев эса буларнинг ортида унинг тоғаси турганини айтмоқда.
“Мен омма олдида кўтармоқчи бўлган бир масала бор: бу жиянининг тартибсизликларини хаспўшлаётган Фаррух Зокиров мавзуси. У фаол равишда Россия Федерацияси бўйлаб гастролларда бўлиб, шу ерда пул ишлаб юрибди”, дейди Фадеев.
У ўз муносабатида Россия Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизматига мурожаат қилиб, Фаррух Зокировнинг Россия ҳудудидаги концертларига эътибор қаратишни сўраган.
Орадан бир кун ўтиб эса, саёҳатда бўлгани сабабли воқеаларни кеч эшитган “Ялла” гуруҳи раҳбари Фаррух Зокиров Фадеевнинг айбловларига раддия билдирди. Унинг маъмури QALAMPIR.UZ'га берган муносабатга кўра, хонанда фақат ўзи учун жавобгар ва жиянининг ҳаракатларига таъсир ўтказа олмайди.
“Шуни айтишим мумкинки, қариндошларимнинг сўзлари ва ҳаракатларига таъсир қила олмайман. “Кимнингдир ортида турибди”, "ҳаракатларини ҳимоя қилади" деган назариялар мутлақ ёлғон. Агар аввалги лавозимимни (Маданият вазири) шу воқеага боғламоқчи бўлсалар, мен бу лавозимдан салкам 20 йил аввал кетганман. Фақат “Ялла” ансамбли ижоди билан шуғулланаман – буни ҳам ҳамма кўриб турибди. Мен фақат ўзим учун жавобгар бўлишим мумкин”, дейди қўшиқчи.
Шунингдек, хонанда Россия ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги тарафдори эканини қўшимча қилди. Зокировнинг сўзларига кўра, у Россия жамоатчилигини яхши кўради ва бундан фахрланади.
“Россиядаги гастролим ҳақида: мен халқларимиз дўстлиги тарафдориман. Россиядаги концертларимни ҳеч қачон яширмаганман, томошабинларим билан фахрланаман ва уларни яхши кўраман. Ушбу мавзу бўйича бошқа изоҳ бўлмайди ва тушунишингизга умид қиламан”, дея қўшимча қилди “Ялла” ансамбли раҳбари.
Сўнгги янгилиларни QALAMPIR.UZ'да кузатиб боринг. Муносабатингизни изоҳларда қолдиринг!
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15