Киев ва яна 16 та объект авиазарба остида қолди. Кличко аҳолига мурожаат қилди
Олам
−
16 Апрель 2022
29616Россия ҳарбийлари Киевдаги зирҳли завод ва Николаевдаги ҳарбий техникани таъмирлаш устахоналарига ракета зарбалари берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилмоқда.
“Ҳаводан учирилган юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллар Киевдаги зирҳли завод ва Николаевдаги ҳарбий техникани таъмирлаш устахонаси биноларини вайрон қилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, 16 та ҳарбий объект, жумладан, Одесса, Полтава ва Николаев яқинида ракета ҳужуми уюштирилган. Хусусан, Николаев яқинидаги ракета ва артиллерия қуролларининг иккита омбори, Полтавадаги радар разведкаси ва алоқа воситалари учун марказий база ҳамда унинг жанубидаги зенит-ракета қуроллари сақланадиган база йўқ қилинган.
Шунингдек, Киев мэри Виталий Кличко ҳам Telegram саҳифасида Украина пойтахти ўққа тутилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, портлашлар шаҳар четидаги Дарнитский туманида эшитилган.
“Ҳозирда воқеа жойида қутқарувчилар ва шифокорлар ишламоқда. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқланмоқда”, деб ёзган у.
Кличко Киев аҳолисидан бошпаналарида қолишни сўраб, тахминан соат 05:20 да Киев маъмурияти шаҳарда ҳаво огоҳлантириши эълон қилингани ва соат 07:00 атрофида эса аниқ сигнал берилганини айтиб ўтган.
Львов мэри Максим Козицкийнинг маълум қилишича, тахминан бир вақтнинг ўзида шаҳарда ҳаво ҳужуми ҳам бўлган, шундан сўнг, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари фаоллаштирилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси