Халқаро суриштирув ва санкциялар. Европарламент Қозоғистон бўйича резолюция қабул қилди

Олам

image

Кеча, 20 январь куни Европа парламенти депутатлари ялпи мажлисда Қозоғистондаги сўнгги тартибсизликлар сабаб мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича резолюцияни қабул қилди. Кўпчилик томонидан маъқулланган резолюцияда Қозоғистондаги тартибсизликлар бўйича халқаро суриштирув ўтказиш ва Европа Иттифоқи режими остида инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузган қозоқ амалдорлаига санкция жорий қилишга чақирилган.

Ҳужжатни овоз берган 671 депутатдан 589 нафари қўллаб-қувватлади, 35 нафар депутат қарши чиқди, 47 нафари бетараф қолган.

Европарламент резолюциялари декларатив ва мажбурий эмас, лекин Европа Иттифоқи институтлари ва Европа давлатлари уларни инобатга олади.

Резолюцияда депутатлар, хусусан, Европа Иттифоқи Кенгашини “2022-йил январида бўлиб ўтган намойишлар чоғида содир этилган инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши учун масъул бўлган қозоғистонлик юқори мартабали амалдорларга нисбатан шахсий жазо чораларини қўллаш”га чақирган.

Европарламент депутатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятни “мамлакатдаги икки ҳафталик намойишлар давомида Қозоғистон халқига қарши содир этилган жиноятлар юзасидан зудлик билан тегишли халқаро терговни бошлашга” чақирмоқда. Хусусан, резолюцияда “Олма-ота ва Қозоғистоннинг бошқа аҳоли пунктларида ғойиб бўлишлар, қийноқлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, снайперлар томонидан ўлдириш, тинч намойишчиларнинг, жумладан, вояга етмаганларнинг жароҳатланиши” ҳақидаги хабарларни текшириш зарурлиги қайд этилган.

Депутатлар Европа Иттифоқи мамлакатларига “2022 йил январида Олма-отада намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўлими фактлари ва ҳолатлари, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги бошқа айбловлар бўйича тегишли тергов ўтказилишини таъминлаш учун ЕХҲТ Москва механизмини фаоллаштириш ташаббуси билан чиқишни таклиф қилмоқдалар”.

Ҳужжатда, шунингдек, Европа Иттифоқи институтларига “Қозоғистон билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини устувор вазифа сифатида қўйиш” таклифи илгари сурилган.

“Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи билан чуқурроқ сиёсий ва иқтисодий муносабатлари умумий қадриятларга асосланиши ва Қозоғистоннинг халқаро мажбуриятларидан келиб чиқадиган демократик ислоҳотларга фаол содиқлигига мос келиши керак”, дейилади Европа парламенти резолюциясида.

Депутатларнинг фикрича, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати Қозоғистондаги вазиятни тартибга солишда, жумладан, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили (Жозеп Боррел – таҳр.) ёки Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакилининг Қозоғистонга ташрифи орқали ҳам фаолроқ иштирок этиши керак.

ЕП Қозоғистон ҳукуматини БМТ ва ЕХҲТ экспертларини вазиятни баҳолаш учун таклиф қилишга, шунингдек, “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан сиёсий таъқибларни тўхтатишга, сиёсий сабабларга кўра айбловларни олиб ташлашга, халқаро стандартларга мувофиқ тинч норозилик намойишига чиққан намойишчилар ва фаолларни зудлик билан озод қилишга ва ҳуқуқларни кафолатлашга чақирган..

Қозоғистонда намойишлар

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади.

Ҳозиргача БеларусьАрманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг