Керак бўлса, босимни оширамиз – АҚШ Россияни бундан баттар санкциялар кутаётганини очиқлади
Олам
−
13 Июль 2022
10126АҚШ маъмурияти Россияга иқтисодий босимни кучайтириш ва янги санкциялар қўллаш имкониятига эга, расмийлар чекловлар учун потенциал мақсадларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни Давлат котибининг иқтисодий ва бизнес масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Эрик Вудхаус Вашингтонда хорижий матбуот учун ўтказилган брифингда сўз очди.
“Биз келажакда мумкин бўлган санкциялар ҳақида изоҳ бермаймиз. Айтишим мумкинки, биз доимий равишда қўшимча мақсадларни аниқлаймиз ва баҳолаймиз ва натижада биз шериклар ва иттифоқчилар билан биргаликда ушбу мақсадларни белгилашда давом этамиз, Россияга ва рус уруш машинасини қўллаб-қувватловчиларга иқтисодий босимни кучайтирамиз”, дейди дипломат.
Унинг қайд этишича, АҚШда Россияга босимни кучайтириш учун катта имкониятлар бор, бироқ Қўшма Штатлар бундан ҳали фойдаланмаяпти. Агар воқеалар ривожи бунга зарурат туқдирса, бу масалани Қўшма Штатлар буни ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан кўриб чиқади.
Брифингда иштирок этган Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Молли Монтгомерининг сўзларига кўра, Вашингтон янги мақсадларга нисбатан чекловлар жорий этишда ва санкцияларни четлаб ўтишнинг мумкин бўлган ҳолатларини кузатиб боришда давом этади.
АҚШ, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларининг санкциялар рўйхатидаги фарқларни изоҳлар экан, Вудхаус шундай тушунтирди:
“Биз шериклар ва иттифоқчилар билан биргаликдаги ҳаракатлар устида ишлаймиз, баъзида мақсадлар рўйхатига жуда мос келадиган кўринишда ҳаракат қилишимиз мумкин. Бошқа ҳолларда, рўйхатлар фарқ қилади. Ўйлайманки, Россияга нисбатан ҳозирда мавжуд бўлган санкциялар дастурида Атлантиканинг ҳар икки томонида кўзда тутилаётган аниқ мақсадларда фарқлар бўлади. Бу турли сабабларга кўра содир бўлади, жумладан, ҳукуматларнинг ишлаш усули, чекловлар учун мақсадларни қандай белгилашимиз ва бу қарорлар асосидаги турли сиёсий ҳисоб-китоблар”.
Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "вақт ўтиши билан бу бўшлиқларни ёпиш" учун иттифоқчи ва ҳамкорларининг санкциялар рўйхатидаги фарқларга эътибор қаратмоқда.
“Қўшма Штатлар Украина билан, шунингдек, Украинани қанча талаб қилса, шунча қўллаб-қувватлайдиган Европа ва ундан ташқаридаги ҳамкорларимиз билан бирлашган фронт сифатида ҳаракат қилишда давом этади”, дейди Монтгомери.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси