Қозоғистондаги тўполонлар вақтида Хитой нега жим турди?
Олам
−
20 Январь 2022
10449Хитой ҳукумати нотинчлик даврда Қозоғистонга ҳарбий ёрдам юборишга тайёр эди, аммо бунинг учун қонуний асос йўқ эди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди кеча, 19 январь куни Брюсселнинг "Euractiv" интернет порталида чоп этилган бир гуруҳ Европа оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида маълум қилди.
“Дастлабки кунларданоқ Хитой ҳукумати биз билан Президентлар даражасида алоқада бўлди, мен эса Ташқи ишлар вазири Ван И билан алоқада бўлдим. Улар барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эди. Кўпгина ҳамкорларимиз ҳар қандай ёрдам, ёрдам беришга тайёр эди, жумладан, ҳарбий ёрдам. Лекин бизда КХШТдан бошқа давлат ёки ташкилотлардан хорижий қўшинларни қабул қилиш учун қонуний асосимиз йўқ эди”, деган у Қозоғистон Хитойдан ҳарбий ёрдам сўраганми деган саволга жавоб бераркан.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади.
Ҳозиргача Беларусь, Арманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси