Қозоғистонда қўлга олинган намойишчилар 5 мингдан ошди

Олам

image

Қозоғистонда намойишларда иштирок этиб, ўта оғир жиноятларни содир этишда гумонланган 134 киши изолятор камераларига жойлаштирилди. Умумий қўлга олинганлар 5135 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 516 нафари маъмурий қамоққа олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти телевидение орқали маълум қилди. 

Қайд этилишича, тартибсизликлар пайтида 7 та қурол дўкони талон-тарож қилинган, у ерда жиноятчилар қурол ва ўқ-дориларни эгаллаб олган. 

5 январь куни Олма-отанинг барча ҳудудларидан 20 мингга яқин одам майдон марказига келиб, ҳокимлик биносини эгаллаб олган. Катта оломоннинг ҳужуми остида полиция орқага чекинишга мажбур бўлган. 

Шунингдек, 800 га яқин жиноятчи халқаро аэропортни эгаллаб олган. Намойишчилар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун радиостанциялардан фойдаланган

Бошқа ҳудудларда: 

•    6 ва 7 январь кунлари Тараз ва Толдиқўрғонда бир неча бор қуролли ҳужумга уриниш ва ўта хавфли жиноятчилар сақланаётган тергов изоляторларини эгаллашга уриниш бўлган;

•    Олма-ота, Жамбил, Қизилўрда вилоятлари ва Чимкент полиция бўлимларига кўплаб ҳужумлар содир этилган;

•    Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва назорат-ўтказиш пунктларига қурол-яроғ ва ҳарбий техникани эгаллаб олиш мақсадида ҳужум қилишга уринишлар қайд этилган;

•    400 дан ортиқ автомобиль, жумладан, 346 та ички ишлар органлари автомобилига шикаст етган ва вайрон қилинган;

•    100 дан ортиқ йирик савдо ва банк объектлари талончилар томонидан талон-тарож қилинган.

Алоҳида таъкидланишича, жиноятчилар ҳокимият обрўсига путур етказиш учун полиция ва ҳарбий хизматчилар кийимида ўзларини яширган. 

Чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган вақтида Қозоғистондан автомобиль ва пиёда чиқиб кетишга уринган 300 га яқин шахс қўлга олинган. Улардан қурол-яроғ ва ўғирланган қимматбаҳо буюмлар олиб қўйилган.

“Мамлакатда ҳуқуқ ва тартибни тиклашга қаратилган аксилтеррор операцияси давом этмоқда. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида вазият барқарорлашди”, дейди ИИВ расмийси. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг