Қодиров Нукус воқеаларини АҚШ, Қозоғистон, Шри-Ланка ва Мьянмадаги талатўпларга қиёслади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров жорий йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга оид тергов ишлари нега чўзилаётганига изоҳ берди. У Қорақалпоғистон воқеалари бўйича суриштирувларни АҚШ, Қозоғистон, Шри-Ланка ва Мьянмадаги талатўпларга оид ишларга қиёслади. Жумладан у ўзининг Telegram-каналида шундай ёзади: 

“Қорақалпоғистонда ҳеч қандай репрессия ва босим йўқ. Тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Ўхшаш мавзуларда суриштирувлар АҚШ, Қозоғистон, Шри-Ланка, Мьянма каби давлатларда ҳам узоқ вақт олиб борилган ва айримларида давом этмоқда, бу жуда табиий ва тўғри”.  

Сиёсатчининг қайд этишича, Қорақалпоғистондаги намойишларда иштирок этган минглаб фуқаролар айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган.

“Қонунни бузган инсон ер юзини исталган бурчагида тергов қилинади, айби бўлса жазоланади. Айби йўқлар қўйиб юборилади. Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. Қолган қисм билан тергов якунланмади”, дейди Қодиров.   

Парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари фуқаролардан провокация қилмаслик, суриштирувга халақит бермасликни сўраган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Қорақалпоғистон воқеалари

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг