Қирғизистонда депутатлар яна бир бор Бош вазир ва Ҳукумат таркибини тасдиқлади
Олам
−
14 Октябрь 2020
8054Бугун, 14 октябрь куни Қирғизистон Жўқорғу Кенеши депутатлари учинчи марта Садир Жапаров номзодини мамлакат Бош вазири лавозимига тасдиқлади.
Парламент янги Ҳукумат таркиби ва дастурини ҳам тасдиқлади. Парламент қарори тасдиқлаш учун Президентга юборилди. Ҳукумат таркиби:
• Артем Новиков - Бош вазирнинг биринчи ўринбосари
• Равшан Собиров - Бош вазир ўринбосари
• Мақсат Мамитканов - Бош вазир ўринбосари
• Аида Исмоилова - Бош вазир ўринбосари
• Бақтибек Аманбаев - Ҳукумат аппарати раҳбари
• Санжар Муканбетов - Иқтисодиёт вазири
• Киялбек Мукашев - Молия вазири
• Эркинбек Чодуев - Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири
• Бақит Бердалиев - транспорт ва йўллар вазири
• Марат Жаманкулов - Адлия вазири
• Руслан Казакбаев - Ташқи ишлар вазири
• Улан Ниёзбеков - Ички ишлар вазири
• Бообек Ажикеев - Фавқулодда вазиятлар вазири
• Алимқодир Беишеналиев - Соғлиқни сақлаш вазири
• Алмазбек Бейшеналиев - Таълим ва фан вазири
• Улукбек Қўчқоров - Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири
• Нуржигит Қодирбеков - Маданият, ахборот ва туризм вазири
• Жиргалбек Соғинбоев - Саноат, энергетика ва эр ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси раиси
• Олтинбек Исмоилов - Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш давлат қўмитаси раиси
Маълумот учун, 6 октябрь куни Қирғизистон парламенти Садир Жапаров номзодини истеъфога чиққан Бош вазир Кубатбек Боронов ўрнига тасдиқлаганди. Бироқ у вақтларда бу тайинловни тасдиқловчи Президент Сооронбай Жээнбеков қаерда экани номаълум бўлиб қолганди. Кейинроқ бу лавозимга даъвогарлар ҳам кўпайди.
10 октябрь куни депутатлар Садир Жапаров номзодини яна Бош вазир лавозимига тасдиқлади. Бироқ бу сафар парламент йиғилиши керакли тартибда ўтказилмагани ва ундаги қарорлар қонуний кучга эга эмаслиги сабабли, тайинлов амалга ошмаганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь