Жапаров ЕИ депутатларини Қирғизистон ички ишларига аралашмасликка чақирди
Олам
−
15:06
2875Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европа парламенти депутатларини республика ишларига аралашмасликка ва мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни ҳаққоний баҳолашга чақирди. У бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни Бишкекда ўтказилган мамлакатнинг барча ҳудудлари вакилларининг 3-қурултойида сўз очди.
“Биз мустақил давлатмиз, шунинг учун бизнинг жараёнларимизга аралашмаслик керак", деди у.
Гап шундаки, бир неча кун аввал Европа парламенти маҳаллий ҳокимият органларига бўладиган сайловлар олдидан сайловчиларни сотиб олишда гумон қилиниб ҳибсга олинган Қирғизистон социал-демократик партияси (ҚСДП) етакчиси Темирлан Султонбеков ҳимоясига резолюция қабул қилган эди. Султонбеков қўлга олингач, ҚСДП сайловларда иштирок этишдан четлаштирилган.
Президентнинг фикрича, ҚСДП аъзоларининг хатти-ҳаракатлари жиноят ва бундай ҳолатга кўз юмиш мумкин эмас. Аммо Европа резолюция қабул қилиб, объектив омилларга эътибор қаратмаяпти. Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари мамлакат Европа давлатлари тажрибасини ўрганишга ва улар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини қайд этган.
“Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз”, деди у.
Президент, шунингдек, республика ҳозир ўз ривожланишининг навбатдаги босқичидан ўтаётганини эслатиб ўтган.
“Биз ҳозир сиз 100 йил аввал босиб ўтган йўлдан ўтяпмиз, буни унутманг ва биз сизни қувиб етишга ҳаракат қиляпмиз”, дея таъкидлаган Қирғизистон раҳбари Европа парламентига мурожаат қилиб.
Маълумот учун, Қирғизистон пойтахтида 20 декабрдан бошлаб ўтказилаётган маслаҳат органи мақомига эга бўлган қурултойда деярли 700 нафар делегат иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Социал-демократик партияси етакчиси Темирлан Султонбеков сайловчиларни сотиб олишга уриниш айби билан ҳибсга олингани хабар қилинганди.
LiveБарчаси