Қирғизистонда сиёсий партия етакчиси ҳибсга олинди
Олам
−
15 Ноябрь
3453Қирғизистоннинг Социал-демократик партияси етакчиси Темирлан Султонбеков сайловчиларни сотиб олишга уриниш айби билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда собиқ парламент депутати, Социал-демократик партиянинг штаб раҳбари Ирина Карамушкина ва депутатликка номзод Дониёр Чўлпонбоев ўртасидаги сайловчиларни сотиб олиш мавзусида аудиоёзув тарқалган. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва иш доирасида партия етакчиси Султонбеков ҳибсга олиниб, Бишкек шаҳар ИИББга сўроқ учун олиб кетилган. Кейинчалик Карамушкина ва яна бир партия аъзоси ҳам қўлга олинган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, улар жорий йил 17 ноябрда бўладиган маҳаллий қонунчилик органларига сайловлар арафасида сайловчиларни сотиб олишга ҳаракат қилган. Унга кўра, сайловчиларга ҳар бир овоз учун 1 000 сомдан (тахминан 148 минг сўм) берилиши режалаштирилган.
Бишкек шаҳар ИИББга кўра, Социал-демократик партиянинг сайловолди штабида ўтказилган тинтув давомида партия аъзоларининг 40 дан ортиқ кишига 15 000 дан 30 000 сомгача пул тарқатилган рўйхатларини йўқ қилишга урингани аниқланган. Бундан ташқари, процессуал тартибда 28 300 сом нақд пул мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур жиноятга алоқадор барча шахсларнинг ҳаракатларига мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ тергов ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, кеча, 14 ноябрь куни Бишкек ҳудудий сайлов комиссияси Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Социал-демократик партия бўйича тақдим этган аризаси асосида мазкур партияни рўйхатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Қирғизистонда маҳаллий кенгашлар, шунингдек, Бишкек ва Ўш шаҳарлари депутатлари сайлови бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда Президент Садир Жапаров томонидан ишдан бўшатилган Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Қубан Адил ўғли уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиришда айбланиб, ҳибсга олинган эди.
LiveБарчаси