Садир Жапаров Қирғизистон Бош вазири лавозимига ноқонуний тасдиқлангани айтилди
Олам
−
12 Октябрь 2020
10799Қирғизистон парламенти – Жўқорғу Кенешнинг биринчи вице-спикери Аида Касималиева кворум ва ўтказиш шартлари йўқлиги сабабли Бош вазир номзоди тасдиқланган навбатдан ташқари сессияни тан олиб бўлмаслигини маълум қилди.
“Депутатларнинг 10 октябрда ўтган йиғилишини унда конституция томонидан талаб қилинувчи сондаги иштирокчилар ва уни ўтказиш учун шароитлар бўлмагани сабабли парламент йиғилиши сифатида тан олиб бўлмайди”, дейди депутат.
Вице-спикер Касималиева сессияда қабул қилинган қарорлар қонуний кучга эга эмаслигини таъкидламоқда.
“Агар бирор ким йиғилишда қабул қилинган ҳужжатларни Жўқорғи Кенешнинг расмий қарорлари сифатида имзоласа, унда бу ҳокимиятни эгаллашга уриниш деб баҳоланади”, деган Жўқорғу Кенеш вице-спикери.
У Жапаровнинг Бош вазирлик сифатидаги қарорлари юридик кучга эга эмаслигин қўшимча қилган. Депутат Ҳукумат аъзоларини ўз вазифасини бажаришда давом этишга чақирди. Касималиеванинг маълум қилишича, парламент йиғилишини ўтказиш вақти ва жойи борасида муҳокамалар ўтказиляпти. Унда Ҳукумат ҳам шакллантирилади.
Касималиева Жўқорғу Кенешнинг истеъфога чиққан спикери Дастан Жумабековнинг ваколатлари ўзига ўтишини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 октябрь куни Бишкекда ўтказилган парламент йиғилишида Садир Жапаров номзоди Бош вазир лавозимига тасдиқланганди. Йиғилишда Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ҳам тез орада истеъфога чиқиш ниятида экани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси