Расман: Жапаров Президентликка номзодини кўрсатди
Олам
−
14 Ноябрь 2020
6994Қирғизистон Республикаси Бош вазири – Президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров бугун, 14 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига ўз номзодини кўрсатиш учун ҳужжатлар тўпламини Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдумлар бўйича Марказий комиссиясига тақдим этди.
Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар учун ҳужжатлар рўйхати тўғрисидаги қарорига биноан Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига номзодини илгари суриш нияти, бошқа давлатнинг фуқаролиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар, чет давлатнинг фуқаролиги борлиги ёки йўқлиги тўғрисида шахсий маълумотларни қайта ишлашга ёзма розилик берганлиги тўғрисида ариза тақдим этди.
Шунингдек, у давлат тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ва бошқа керакли сертификатлар, ҳужжатлар шакллари ва нусхаларини ҳам тақдим этган.
Қирғизистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловлари 2021 йил 10 январда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Қонунга биноан, давлат лавозимларини эгаллаган шахслар сайловда номзод ўлароқ иштирок этишига йўл қўйилмайди, улар ўз лавозимларидан вақтинча воз кечишлари шарт. Президент истеъфога чиққан тақдирда, парламент спикери амалдаги давлат раҳбари бўлади. Сайловда қатнашиш учун Жапаров Президент ваколатларини топшириши керак.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь