Бишкекнинг собиқ мэри намойишлар фонида озодликка чиқди
Олам
−
06 Октябрь 2020
14082Қирғизистонда давом этаётган норозилик намойишлари фонида пойтахт Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимов бугун, 6 октябрькуни жазони ўташ муассасасининг ахлоқ тузатиш колониясидан озод қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон социал-демократлари партиясининг штаб-квартирасида хабар берилди.
"Ибраимов колониядан озод қилинган ва у аллақачон Бишкек томон йўл олган", дейди партия вакили. Собиқ шаҳар ҳокими жазони республиканинг Чуй вилояти Петровка қишлоғидаги 8-сонли ахлоқ тузатиш колониясида ўтаётган эди.
Ибраимов 6 октабрга ўтар кечаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида намойишчилар томонидан озод қилинган мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг энг яқин шерикларидан биридир. Собиқ мэрни озод қилишнинг қонуний тартиби тафсилотлари ҳали маълум эмас.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Бишкек шаҳрининг Ленин туман суди коррупция иши бўйича Ибраимовни мол-мулкини мусодара қилиш билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.
Сайловнинг якуний натижаси 20 кун ичида эълон қилиниши керак эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди
Намойишларда ҳозиргача бир киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам реанимация бўлимига ётқизилган. Кучишлатар тузилмаларнинг 200 га яқин ходими жароҳатланди.
LiveБарчаси