Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир – Садир Жапаров
Олам
−
20 Декабрь
2474Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкекдаги III Халқ Қурултойида сўзлаган нутқи чоғида аҳолини сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, Садир Жапаров дунёда экологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли сув танқислиги йил сайин ортиб бораётганини эслаган.
“Биз тоғли мамлакатмиз, дарёлар манбаларида жойлашганмиз. Сув ресурсларимиз нафақат бизни, балки қўшни давлатларни ҳам таъминлайди. Шу билан бирга, тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга мададдир. Сувдан оқилона фойдаланиш нафақат ўзимиз, балки қўшни давлатларда яшовчи халқлар олдидаги масъулиятимиздир”, деган Қирғизистон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, аҳолини суғориш суви билан бирга ичимлик суви билан таъминлаш доимий эътибор ва қатъий ҳаракатни талаб этади.
“Биз бу муаммонинг жиддийлигини тушунамиз. Сўнгги йилларда 400 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминладик, 2025 йилда эса қўшимча равишда 150 минг кишини сув билан таъминлашни режалаштирганмиз. Юртимиздаги ҳар бир оила тоза сув билан таъминланмагунча, биз тўхтаб қолмаймиз”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Оқилбек Жапаров Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, у Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси