Қирғизистон Ўзбекистонга сув беришни камайтиради
Олам
−
14 Ноябрь
13899Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида Иссиқкўлни сақлаб қолиш масаласига тўхталди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Йиғилишда депутат Балбак Тулобаев Иссиқкўл йил сайин қуриб бораётганини айтиб, Вазирлар Маҳкамаси раҳбаридан ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўради.
Бош вазир Оқилбек Жапаров мутахассислар томонидан миллий дастур ишлаб чиқилаётгани ҳақида айтди.
“Қорқиридан Иссиқкўлга сув келмаяпти, Қўчқор дарёси ҳам олдин кўлга қуйиларди. Деҳқонлар булоқ сувидан фойдаланмоқда. Конференцияда биз Иссиқкўлни асраш бўйича ўз режаларимизни айтиб берамиз. Унга бутун дунёдан олимларни таклиф қиламиз. Иссиқкўл қуриган Орол денгизи тақдирини такрорламаслиги керак”, деди у.
Хабарга кўра, Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкин. Оқилбек Жапаров Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“Уларга Иссиқкўлни сақлаб қолиш зарурлиги тушунтирилади”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров COP-29 иқлим конференциясидаги давра суҳбатида иқлим ўзгариши сабабли глобал сув танқислиги келажакда можаро ва беқарорликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтганди.
Муҳаммад Ҳодиев