Қирғизистон парламентига 10 кун ичида иккинчи спикер сайланди
Олам
−
13 Октябрь 2020
7659Бугун, 13 октябрь куни “Ала-Арча” давлат резиденциясидаҚирғизистон парламенти Жўқорғу Кенешнинг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибидан парламент спикерини сайлаш киритилди.
Халқ депутатлари бу лавозимга Канатбек Исаев номзодини кўрсатди.
Унинг номзодини 78 нафар депутат Исаев номзодини қўллаб-қувватлади, 2 нафари қарши бўлди.
Парламентнинг янги спикери Жўғорғу Кенешга янги сайлов ўтказилгунча баъзи қонунларга ўзгартириш киритилиши мумкинлигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, парламент ҳозиргидек оғир кунларда ишлаши ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаши керак.
Шунингдек, Канат Исаев Президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосига қарши эканини билдирди.
“Президент мамлакатдаги қонунийлик ва барқарорлик гаровидир. У қолиши керак”, деган Исаев.
Аввалроқ, Жўқорғу Кенеш спикери Дастанбек Жумабеков мамлакатда бошланган намойишлар фонида истеъфога чиққани ҳақида хабар берган эдик. Унинг ўринини вақтинча Миктибек Абдилдаев эгаллади. Аммо у ҳам орадан кўп ўтмай истеъфосини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.
LiveБарчаси