Исроил Зеленскийга таслим бўлиб, Путинга бош эгишни таклиф қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Исроил Бош вазири Нафтали Беннет Москва ва Киев ўртасидаги воситачилик саъй-ҳаракатлари доирасида Украина Президенти Владимир Зеленскийга Россия Президенти Владимир Путиннинг талабларини етказди ва “қон тўкилишининг олдини олиш учун Кремль қўяётган вазифаларни бажаришни таклиф қилди. 

Россия давлат раҳбари талаблари орасида Украина Россиянинг Қримни аннексия қилганини тан олиши, Донецк ва Луганск мухторияти мақоми, Киевнинг Конституцияга ўзгартириш киритиш орқали НАТОга қўшилмаслик мажбуриятини олиш каби бандлар бор. Бу ҳақда Haaretz газетаси ва Walla веб-сайти ёзмоқда. 

Украинанинг юқори мартабали мулозимининг Исроил матбуотига айтишича, Беннет Зеленскийни Путиннинг таклифини қабул қилишга ундаган: 

“Агар мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, халқимнинг ҳаёти ҳақида ўйлаб, таклифни қабул қилган бўлардим”. 

Бунга жавобан Украина давлат раҳбари Беннеттга “уни тушунганини” айтди. 

"Беннет бизга таслим бўлишни таклиф қилди. Бизнинг бундай ниятимиз йўқ. Биз биламизки, Путиннинг таклифи фақат бошланишдир”, деб ёзади Walla Украина раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

Зеленский Беннетнинг воситачилик ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмаганидан, икки томон ўртасидаги хабарнинг узатилиши воситачилик деб ҳисобланмаслигидан шикоят қилди. 

“Исроил раҳбари ечим топмади”, дейди Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Нафтали Беннет

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг