Иштаҳалар карнай. Россия Киевнинг яна бир режасига қарши бўлмоқда

Олам

image

Россия Украинанинг ЕИга кириши зарарсизлиги борасида шубҳаланмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

“Бу Киевнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларидаги муаммо. Лекин Киевнинг истаги зарарсизлиги жиддий шубҳаларни келтириб чиқармоқда”, деган у Душанбеда журналистларга Украинанинг ЕИга кириш ниятини изоҳлар экан.

Вазирнинг иддаосича, “ЕИ конструктив иқтисодий платформадан ўз амбицияларини Европа қитъаси чегараларидан анча узоқда эълон қилаётган тажовузкор, жангари ўйинчига айланган”.

Россия Федерациясининг БМТдаги вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Британиянинг UnHerd News интернет-нашрига берган интервьюсида Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги масаласида Россиянинг позицияси ўзгарганини ҳамда Украинанинг НАТОга кириши ҳақидаги позицияга яқинлашиб қолганини айтди, чунки Москва энди икки ташкилот орасида “фарқ кўрмаяпти”.

Маълумот учун 9 май куни Украина Европа Иттифоқига ташкилотга аъзоликка номзод мақомини олиш учун зарур бўлган анкетанинг тўлдирилган иккинчи қисмини топширгани маълум бўлди.

Қайд этиш керакки, Россия Украина “махсус операция” деб номланган ҳарбий ҳаракатларни расмий Киевнинг НАТОга қўшилмоқчи бўлгани учун ҳам бошлаганини айтганди. Аммо бу важ акс таъсир бериб, узоқ йиллар бетараф бўлиб келган Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириш ҳаракатини бошлашига сабаб бўлди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украинага босқин

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг