FIFA Россияга тақиқ қўйди 

Спорт

image

Россия қўшинларининг Украинага ҳужум бошлаши туфайли FIFA терма жамоалар ўйинларини Россияда ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда FIFA матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, Россия терма жамоаси мезбон бўладиган учрашувлар нейтрал ҳудудда ва томошабинларсиз ўтказилиши керак. Бу қарор кеча, 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда FIFA Кенгаши бюросининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган. 

Шунингдек, FIFA ўз шафелигидаги халқаро мусобақаларда Россия байроғи ва мадҳиясидан фойдаланишни тақиқлаб қўйган ва Россияни футболдан бутунлай олиб ташлаш билан таҳдид қилган. 

Маълумот ўрнида, Польша ва Швеция футбол уюшмалари, шунингдек, Чехия футбол ассоциацияси мамлакатлар терма жамоалари ЖЧ-2022 финалига чиқиш ҳуқуқи учун плей-оффда Россия термасига қарши ўйнашдан бош тортган.

Россия ва Польша терма жамоалари ўртасидаги ярим финал плей-офф ўйини 24 март куни Москвада бўлиб ўтиши керак эди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

FIFA Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг