Эрон ҳарбий қўмондонлари ўлдирилди – ОАВ

Олам

image

Бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужуми ортидан мамлакат Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-полковник Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони Ҳусейн Саламий ҳамда Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний ўлдирилди. Бу ҳақда SEPAH cyber хабар берди.

Қайд этилишича, Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг фармонига кўра, Ҳабибулло Сайёрий Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи вазифасини вақтинча  бажарувчи этиб тайинланган. Собиқ ички ишлар вазири Воҳидий эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони лавозимини эгаллаган.

Мазкур тайинловга қадар Сайёрий Эрон армияси бош қўмондонининг ўринбосари бўлган. Юқоридаги ҳарбий тузилмалар раҳбарлари – Саламий ва Бағирий эса илгарироқ Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.

Шунингдек:

  • ИИҚК Аэрокосмик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода;
  • Эрон Атом энергетикаси ташкилоти раҳбари Ферейдун Аббосий;
  • Эрон Бош штабининг “Хотам ал-Анбия” Марказий штаби қўмондони генерал-майор Ғулом Али Рашид ҳам ўлдирилган бўлиши мумкин.

Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил ҳужуми юзасидан баёнот бериб, бир қатор эронлик қўмондонлар ҳалок бўлганини тасдиқлади, бироқ уларнинг исмини очиқламади. Шунингдек, у Исроилга “оғир жазо” билан таҳдид қилди.

“Бугун тонгда сионистик режим бизнинг ҳудудимизда жирканч жиноят содир этди – у тураржой ҳудудларини нишонга олиб, ўзининг ёвуз табиатини фош этди. Энди у оғир жазо кутишини билиши керак. Аллоҳнинг иродаси билан Эрон Қуролли кучларининг қудратли қўли бу жиноятни жавобсиз қолдирмайди. Ушбу ҳужумда бир қатор қўмондонларимиз ва олимларимиз шаҳид бўлди. Уларнинг ўрнини зудлик билан давом эттирувчилар эгаллайди ва миссиясини давом эттиради. Бу жиноят орқали сионистик режим ўзига аччиқ ва аламли тақдирни муҳрлади ва у бу тақдирга албатта дуч келади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эроннинг бир қатор ядро объектлари ва юқори қўмондонлик биноларига ҳужум қилганини хабар қилган эди. Ушбу ҳужум оқибатида бир қатор эронлик қўмондонлар ва ядровий тадқиқотлар бўйича олимлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Бунинг ортидан энди Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда.

Шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди


Мақола муаллифи

Теглар

Али Шамхоний Эрон-Исроил Муҳаммад Бағирий Ҳусейн Саламий ҳарбий қўмондон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг