Исроил Эронга ҳужум бошлади (видео)
Олам
−
13 Июнь 38749 2 дақиқа
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бугун, 13 июнга ўтар кечаси Эрон ҳудудига зарба берди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Исроил ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилган.
“Исроил давлатининг Эронга зарбасидан сўнг, яқин келажакда Исроил давлати ва унинг тинч аҳолисига ракета ва дрон ҳужуми кутилмоқда”, деди Кац.
Эрон давлат телевидениеси мамлакат пойтахти Теҳроннинг турли ҳудудларида кучли портлашлар эшитилганини хабар қилди. Шунингдек, Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўлиқ шай ҳолатга келтирилиб, Эроннинг асосий Имом Хомайний аэропортида барча парвозлар тўхтатилгани хабар қилинган. Исроил ҳам ҳаво ҳудудини ёпди.
ЦАХАЛ Эрон ядро дастурини нишонга олган “Шерлар дунёси” кодли операцияни бошлаганини тасдиқлади. ЦАХАЛнинг билдиришича, Эронда бир неча кун ичида 15 та ядровий бомба яратиш учун етарли даражада бойитилган уран бор ва Исроил бу “мувофиқ таҳдид”га қарши чора кўриши керак.
“Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги мамлакат ядровий дастури ва бошқа ҳарбий объектларга алоқадор ўнлаб нишонларга зарба берди”, дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Хусусан, Натанздаги Эрон ядровий иншооти яқинида “бир нечта портлаш товушлари” эшитилган.
“Биз Эроннинг ядровий бойитиш дастурининг марказига зарба бердик. Эроннинг баллистик ракета дастурининг марказига ҳам зарба бердик. Эрон ҳали ҳам бизга зарар етказиш учун катта имкониятларга эга. Операция зарур бўлган вақтгача давом этади”, деди Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху.
Ахборот агентликлари, жумладан, “Reuters” агентлигининг хабар беришича, Исроил ҳаво кучлари нафақат Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга ҳужум қилган, балки Ислом Республикасидаги ҳарбий ва илмий раҳбариятни ҳам нишонга олган. Маълум қилинишича, зарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий ва эронлик ядро олимлари Ферейдун Аббосий-Давоний ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ҳалок бўлган. Эрон матбуотига кўра, Оятуллоҳ Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний оғир яраланган.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилдан қасос олиш билан таҳдид қилган. Хоманаийнинг сўзларига кўра, Исроил “қаттиқ жазо”ни кутиши керак.
Live
Барчаси